Таспар (Хитой манбаларида Тобо хоқон, асли туркий исми Арслон) (?— 581) — Турк хоқонлиги хоқонларидан бири (572— 581). Бумин хоқоннинг ўғли.

Таспар хоқон даврида қурилган Бугут ёдгорлиги, 585 йил

Т. акаси Муғон хоқоннинг вафотидан сўнг тахтга чиққан. Т. даврида Турк хоқонлигининг куч қудрати энг юқори поғонага кўтарилган. Давлат чегаралари ғарбда Қора денгиздан шарқда Манжуриягача, шимолида Енисей дарёсидан жанубида Амударёгача кенгайган.

Т. хоқон буддавийлик динига ҳомийлик қилган ва ўзи ҳам шу динни қабул қилган. Буддавийлик роҳиби Чинагупта ўн йил (574—584) ўзининг диндошлари билан хоқон қароргоҳида яшаган ва тарғибот ишларини олиб борган. Турк тилига буддавийликнинг баъзи суратлари таржима қилинган, хоқон қароргоҳида эса бир нечта ибодатхона ва монастирлар қурилган. Унинг даврида турк ва суғд тиллари давлат тили вазифасини ўтаган.

Таспарнинг вафотидан сўнг Турк хоқонлигида ўзаро урушжанжаллар бошланиб кетган ва натижада, 603 йилда бу улкан давлат 2 қисмга Ғарбий Турк хоқонлиги ва Шарқий Турк хоқонлигига бўлиниб кетган.

Адабиёт

  • Гумилев Л. Н., Древние тюрки, М., 1967;
  • История Востока, т.2, М., 1995.