Taxmis
Тахмис (араб. — бешталик қилиш, бештага етказиш) — мухаммаснинг бир тури. Т. бандлари ҳам мухаммас сингари 5 мисрадан иборат; улар бир шоиргагина тегишли бўлмай, балки 2 шоирнинг мисраларидан ташкил топади: дастлабки 3 мисра Т. ёзаётган шоир қаламига, кейинги 2 мисра эса Т. ёзилаётган шоир ғазалига мансуб бўлади. Т.да хар иккала шоирнинг бир бандни ташкил этаётган мисралари мазмун ва шакл жиҳатидан ўзаро мое бўлиши талаб этилади. Т.ни, одатда, фалончи шоирнинг ғазалига мухаммас, деб таъкидлаб ёзганлар (фақат бир шоирнинг мисраларидан иборат бўлган мухаммасларга баъзан "таъби худ" — ўзиники, ўзининг таъби, деб қушиб ёзганлар). Т. лар шоирга ёққан ғазалларга ёзилиши сабабли биргина ғазалга бир неча Т. қилиниши мумкин. Ўзбек мумтоз шеъриятида Мунис, Огаҳий, Муқимий, Фурқатларнинг Навоий, Фузулий сингари шоирларнинг машҳур ғазалларига ёзган Т.лари маълум. Т. ёзиш шоирдан катта маҳорат талаб этади, чунки Т. яратувчи шоирлар ўзидан аввал яшаб ижод қилган шоирларнинг етук ғазалларини ривожлантирганлар, анъаналарини давом эттирганлар. Т.нинг сўнгги бандида шоирларнинг тахаллуслари эслатиб ўтилади. Т. нафакат ўзбек мумтоз адабиётида учрайди, балки у ҳозирги ўзбек адабиётида ҳам яратилган (Ҳабибий, Собир Абдулла, Эркин Воҳидов ва бошқалар).
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |