Тайга — мўтадил минтақанинг игна баргли дарахтлардан иборат ўрмонлари. Евросиё, Шимолий Америкада катта майдонларни эгаллаган. Т.да дарахт турлари кўп эмас, ўрмон манзараси деярли бир хил. Тўшама ўсимликлари кам. Ер юзаси яшил йўсинлар билан қопланган. Тупроғи кулранг. Т. дарахт турларига қараб, ёруғ Т. ўрмонлари ва қоронғи Т. ўрмонларига бўлинади. Ёруғ Т. ўрмонларида қарағай, тилоғоч, қоронғи Т.да қора қарағай, оқ қарағай, кедр ўсади. Қиши қаттиқ совуқ, ёзда эса 10—20° атрофида бўлади, ёғин миқдори 300–600 мм, ботқоқликлар бор. Т. бошқа маъноларда ҳам қўлланади: Шарқий Сибирда бепоён кимсасиз қалин ўрмонлар, Олтойда ўрмон билан қопланган тоғлар, Тувада яланғоч тоғ, Манголияда ҳайвонлар кўп бўлган қалин ўрмонлар тушунилади.