Теллурий (лот. теллус Ер) - Ернинг Қуёш атрофидаги йиллик ҳаракати ва ўз ўқи атрофидаги суткалик айланишини намойиш этувчи ўқув асбоби. Т.да Ерни ифодаловчи кичикроқ шарча бўлиб, у Қуёшни ифодаловчи каттароқ шарча атрофида, яъни ёруғлик манбаи (мас., рефлекторли лампочка) атрофида айланади. Т.да баъзан Ер атрофида айланувчи ва Ойни ифодаловчи жуда кичик шарча бўлиб, бу шарчалар ёрдамида Ер, Қуёш ва Ойнинг ҳаракати намойиш этилади.