Темирчилик - 1) темирни болғалаб ёки пайвандлаб турли буюмлар (кетмон, ўроқ, теша ва бошқалар) ясаш касби. Темирчилик кишилик жамиятининг энг қадимги даврларида пайдо бўлган. Мил. авв. 3—4 минг йилликда Эрон, Месопотамия, Мисрда темирни совуқлайин ва қиздириб болғлаб, турли хил аслаҳалар, меҳнат қуроллари ва бошқа буюмлар ясалгани маълум. Ўзбекистон ҳудудида Темирчили иши махсус дўконда амалга оширилган. Темирчилик дўконида — ўчоқ, қўра, супа, ўра, чўпкунда; иш қуролларидан сандон, босқон, болға, омбур, эгов, чарх, дам ва ҳоказо бўлган. Темирчи темирни оташдондаги ўтга қўйиб қиздиради, металл тобига келиб, оқ тусга киргач, уни сандонга қўйиб, зарур шаклга келгунча болғалайди. Бу ишлар уста, бозғончи ва дамгир томонидан бажарилган. Темирчилик ҳозир ҳам кенг кўламда сақланиб қолган; 2) оғир машинасозликнинг металлни болғалаб, штамплаб, пресслаб турли буюмлар ишлаб чиқариладиган тармоғи. Бу тармоқ ХВИ асрда Европада биринчи марта сув билан ишлайдиган механик болға яратилганидан кейин ривожланди. ХИХ асрларда машинада штамплаш, буғ билан ишлайдиган болг'а, гидравлик пресс вужудга келди. ХХ аср 50-йилларига келиб, Темирчининг янги усуллари, яъни қийин деформацияланадиган материалларни портлатиб юқори тезликда штамплаш, гидростатик пресс лаш (гидроэкструзия) ва бошқа усуллар яратилди. Темирчилик материалларни деформациялашга, яъни уларни емирмай, ташқи куч таъсирида шаклини ўзгартиришга асосланган. Темирчиликнинг кенг ишлатиладиган усулларидан бири босим билан ишлов бериш. Бу усул машинанинг энг муҳим деталларини тайёрлашда ишлатилади. Металл ишлашнинг асосий усуллари дастлабки материалларнинг ҳолатига (прокат, қуйма ва бошқалар), жиҳозларга (пресс, болға), асбоблар билан ускуналанишига ва технологик усулларга боғлиқ. Шу аломатларига қараб, Темирчилк болғалаш, ҳажмий ва лист штамплаш, пресслаш турларига бўлинади (қаранг Металларни ишлаш).

Болғалаш — металларни босим билан ишлаш усулларидан бири (қаранг Болғалаш, Болғалаш машинаси). Штамплаш — материалларга босим билан ишлов бериш; бунда заготовкага штампларда пластик деформация берилиб, зарур шаклдаги буюмлар олинади. Штамплаш 0,5—30 т ли катта болғаларда, 6—100 Мн (600—10000 тонна куч) куч билан зарб берадиган иссиклайин штамплайдиган кривошипли прессларда, 750 Мн (75000 тонна куч) куч билан зарб берадиган гидравлик прессларда бажарилади. Штамплаш материалларни анча тежайди, буюмлар таннархини камайтиради.

Пресслаш — турли профилли материаллар, симлар, қувурлардан заготовка ва буюмлар олиш усули. Ҳажмий юмшок, материаллар (пахта, хашак ва бошқалар) ни пакетлашда, иккиламчи хом ашёлар (қиринди, чиқинди)ни қайта ишлаш ва бошқаларда ҳам ишлатилади.

Темирчилик йўли билан ишлаб чиқариладиган буюмлар автомобил ва авиация саноатларида, тракторсозлик, асбобсозлик, енгил саноат, уй рўзғор ва бошқа тармоқларда ишлатилади.