Терак (Популус Л.) — толдошлар оиласига мансуб дарахтлар туркуми. Айрим маълумотларга кўра, 100 дан ортиқ тури мавжйд. 30 га яқин тури Евросиё, Шимолий Америка ва Шимолий Африкада тарқалган. Ўзбекистонда теракнинг кўкяпроқли ёки зангори баргли (П. пруиноса Счренк), фурот тераги (П. эупҳратиcа Олид.), мирзатерак (П. нигра Л.), афғон тераги (Р. афгҳаниcа), оқ терак (П. алба), Бахофен тераги ёки кўктерак (П.бачофену Wиэрзб.) турлари ўсади. Мирзатерак, кўктерак, оқтерак турлари кўп экилади. Теракларнинг баъзи турлари бўйи 30— 45 (баъзан 60) м гача, диаметри 1,5 (айрим дарахтлариники 3 м) гача етади. Тераклар танаси тик, шох-шаббаси тухумсимон, пирамидасимон, кенг овалсимон бўлади. Барглари бандли, кетма-кет, барг пластинкаси яхлит ёки кертикли, наштарсимон. Кучаласи силиндрсимон, бошоқсимон тўпгул, гуллагандан кейин тўкилади. Гули бир жинсли, икки уйли. Аксарияти барг ёзишдан олдин, баъзилари барг ёзгандан кейин гуллайди. Уруғи кўсакча, шамол ва сув ёрдамида тарқалади. Нам тупроқда тез униб чиқади. Терак иссиқсевар, ёруғсевар, совуққа бардошли (масалан, мирзатерак) ўсимлик. Сернам ва унумдор тупроқларда тез етилади, лекин баъзилари шўрхок тупроқни хуш кўрмайди. Терак қисқа умрли (25—30 ёшгача яхши ривожланади) дарахт бўлса ҳам 150—200 йил умр кўрадиганлари ҳам (мирзатерак ва оқтеракнинг айрим дарахтлари) бор.

Популус толдошлар оиласига мансуб

Теракзорлар соф ва аралаш ҳолда ташкил этилади. Қайир ерлар шароитида теарк қайрағоч, қандағоч ва буталар билан бирга етиштирилади. Ўрмончилик ривожланган мамлакатларда теракни кўпайтиришда янги йиғиб олинган уруғлари сепилиб, дастлаб кўчат (1 га майдондан 400—500 минг туп) олинади. Бир йиллик кўчатлардан 2 йилли теракзорлар барпо этилади. Ўзбекистон шароитларида бир йиллик новдалардан олинган қаламчалардан (узунлиги 30—35 см) кўпайтирилади (йўл ёқалари, ариқбўйларига бир қаторлаб экилганда туплар ораси 0,8–1 м, теракзорларда 0,8—1хЗ м схемада экилади), илдизидан бачкилаб, тўнкасидан ўсиб чиқиб ҳам кўпаяди. Қулай шароит бўлса ва терак етиштириш технологиясига риоя этилса, 25—30 ёшида гектаридан (Ўзбекистонда, ҳатто 15—20 йилда) етилган (8—10 ёшида ишга яроқли) 500–900 м³ гача ёғоч олинади. Тераклар турлари тез ўсиши, манзарали бўлиши ва жой танламаслиги сабабли иҳота ва ўрмон муҳофазаси, кўкаламзорлаштириш ишларида муҳим аҳамият касб этган (қаранг Дала иҳота ўрмонзорлари).

Терак ёғочи иморат қурилишида, ёғочни қайта ишлаш, мебел саноатида ишлатилишидан ташқари селлюлоза қоғоз саноати учун муҳим хом ашёдир. Унинг ёғочи гидролизланиб этил спирта олинади. Терак селлюлозасидан газлама, корд толаси тайёрланади. Гугурт ишлаб чиқаришда ишлатилади. Терак, асосан, иҳота ўрмонлар ҳосил қилиш учун кўп экилади. Кейинги йилларда Ўзбекистонда иморатбоп қурилиш материаллари олиш мақсадида теракзор майдонлар кўп ташкил қилинмоқда. Америка ва Европадан тез етиладиган терак навлари келтириб экилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994-йил 8-февралдаги „Саноат теракчилигини ривожлантириш ва бошқа тез ўсувчи ёғочбоп дарахтзорларни барпо этишга оид чоратадбирлар тўғрисида“ги қарори эълон қилиниб, мамлакат ҳудудида ҳар йили 10 минг гектар майдонда теракзорлар ташкил этиш режаси белгилангандан кейин бу соҳага, теракчиликка жиддий эътибор берила бошланди[1].

Манбалар

  1. ↑ Файл:Натионал Энcйcлопедиа оф Узбекистан лого.пнг „Терак“, Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (Т-ҳарфи). Тошкент: „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси“ Давлат илмий нашриёти, 2000–2006-йиллар.

Адабиётлар

  • Озолин Г.. Шамсиев Қ., Стипинский В., Ўзбекистон тераклари, Т., 1992.

Ҳаволалар