Terlash
Бу мақолада бир қанча муаммолар мавжуд. Илтимос, уларни тузатиб ёрдам қилинг ёки шу муаммоларни мунозара саҳифасида муҳокама қилинг.
|
Терлаш (тер чиқиши) – организмни совитадиган физиологик механизмларнинг бири. Терлашда сув-туз баланси сақланади (қаранг Моддалар алмашинуви) ва тери юзасидан тер ажралади. Терлаш узлуксиз, асосан, рефлектор тарзда бўлади. Терлаш рефлекси рецепторлари тери, шиллиқ пардалар ва мускулларда, Терлаш маркази бош мия, гипоталамус, узунчоқ ва орқа мияда жойлашган. Терморегуляция, айниқса, юқори ҳароратда оғир меҳнат қилинганда, Терлашнинг аҳамияти катта. Ҳаво температураси юқори бўлганда терлаш организмни иссиқлаб кетишдан сақлайди. Одам тинч турганида температура нормал бўлганда терлагани билинмайди, лекин теридан сувнинг буғланиши ва терлаш ҳисобига сезилмайдиган даражада намликнинг йўқолиши кузатилади (организм бир кеча кундузда ўрта ҳисобда 500 мл га яқин сув йўқотади). Атроф муҳитнинг температураси кўтарилиши билан тер безлари ва бошқа безлар фаолиятининг кучайиши ҳисобига одам кўп терлайди. Масалан, 50° дан юқори температурада 1 соатда 2 л (литр)гача тер ажралади. Юқори температура шароитида организмдаги сув захирасининг ўрни тўлдирилмаса ҳам сув тер билан ажралаверади. Бу эса организмнинг сувсизланишига ва кўпчилик физиологик функсиялар (нафас олиш, қон айланиши ва бошқалар)нинг бузилишига олиб келади. Узоқ вақт юқори температуранинг таъсир этиши ва унга ўрганиш терлашни камайтиради. Шунинг учун иссиқ мамлакатларда яшовчи кишилар териси юқори температурада ҳам қуруқ бўлади. Терлаш кўп миқдорда иссиқ ва аччиқ овқат истеъмол қилинганда, сув ичилганда, жисмоний зўриққанда, иситма кўтарилганда, ҳаяжонланганда ва бошқа ҳолатларда кучаяди. Киши ҳаяжонланганда (масалан, қўрққанда) кафт, оёқ таги терлайди, шунингдек, пешонадан ва гавданинг бошқа жойларидан тер чиқади. Баъзи одамлар кўп терлайди. Бундай кишилар, албатта, шифокорга мурожаат этишлари керак. Ҳеч қандай сабабсиз терлаш бирор касаллик белгиси бўлиши мумкин.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |