Тезис (қадимги юнонча: θέσις, тҳесис – „қоида“, „исбот“) – 1) кенг маънода – баҳсда ёки бирор назарияни баён қилишда айтилган ҳар қандай фикр; тор маънода – асосий фикр, принсип; 2) мантиқда исбот қилишни талаб этувчи фикр, мулоҳаза.

Тезис – илмий мақола ёки конференсиялар учун тақдим қилинадиган илмий марузанинг қисқа асосий мазмуни акс эттирилган илмий иш тури бўлиб, унинг ҳажми аннотациядан каттароқ, бироқ илмий мақоладан кичик бўлади (тахминан 1 бетдан 3-4 бетгача). Тезислар, одатда, нашр ва конференсия талабларига асосида бир неча тилларда берилади. Уни илмий асарга бериладиган танқидий баҳо, танқидий талқин акс этган тақриз билан чалкаштирмаслик керак.