Тиллитлар (инг. тиллите, тилл — валун гили) — музлик ётқизиклари, мореналар. Зичлашган, сараланмаган ҳосилалар бўлиб, дағал чақиқ жинслардан таркиб топган, баъзан метаморфизмга учраган. Т. таркибида валунлар бўлган майда донадор массадан иборат. Денгиз чўкиндилари ва музнинг тарқалиши натижасида ҳосил бўладиган денгиз Т. (акватиллитлар) ва пастки катламдаги туб жинсларнинг ҳаракатдаги музларида уларнинг таркибида акс этадиган континентал Т. фарқ қилинади. Т. қад. музланишнинг қолдиклари бўлиб (қаранг Палеоиқлимшунослик), улар эрта протерозойдан ва деярли ҳамма континентларда кечки протерозой қатламларигача маълум. Т.нинг горизонтлари Шарқий Европа платформасининг юқори рифей қатламлари, Африка, Австралия, Хитой, Ўрта Урал ва Тяншаннинг кечки протерозой қатламларида учрайди. Т.нинг қалинлиги ўнлаб ва юзлаб м га етади. Т. дан стратиграфия, палеогеография муаммоларини ечишда ҳамда чўкинди фойдали қазилмалари (темир рудаси) конларини башоратлашда фойдаланилади.