Tintuv
Тинтув — жиноий иш бўйича далилларни олишга қаратилган тергов ҳаракати. Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 158моддасига кўра, суриштирувчи ва терговчи бирор турар жой, хизмат, ишлаб чиқариш. биносида ёки ўзга жойда ёхуд бирор шахсда иш учун аҳамиятли бўлган нарса ёки ҳужжатлар бор деб ўйлаш учун етарли маълумотга эга бўлган тақдирда Т. ўтказишга ҳақлидир. Т. қидирилаётган шахсни, шунингдек, мурдани топиш учун ҳам ўтказилиши мумкин.
Т. суриштирувчи ёки терговчининг асослантирилган қарорига биноан, прокурорнинг санксияси билан ўтказилади. Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда Т. прокурорнинг санксиясисиз ўтказилиши мумкин. Лекин бундай ҳолда кейинчалик шу ўтказилган Т. ҳақида 24 соат ичида прокурорга хабар қилинади. Т. ўтказилаётганда холислар иштирок этиши шарт. Т. умумий ва шахсий бўлади. Умумий Т. объектига бино, ҳовли ва очиқ жойлар, шахсий Т. объектига фукаролар киради. Шахсий Т. ва олиб қўйиш қуйидаги ҳолларда алоҳида қарор ёки ажрим чиқарилмасдан ўтказилиши мумкин: жамоат тартибини сақлашга доир бурчини бажараётган милиция ходими томонидан гумон қилинувчини ушлаш чоғида ушланувчининг ёнида қурол борлигига ёхуд жиноят содир этганлигини фош қиладиган далиллардан қутулмоқчи эканлигига етарли асослар бўлганда; гумон қилинувчи милиция ёки қуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга олиб келиниб, қонунга асосан уни ушлаш ҳақида баённома тузилганда; айбланувчига нисбатан қамоқса сақлаш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилаётганида, башарти унинг ёнида қурол, шунингдек, сақланиши ман этилган буюмлар ёхуд иш учун аҳамиятга молик нарса ва ҳужжатлар бўлиши мумкин деб ўйлашга етарли асослар бўлганида; олиб қўйиш ёки Т. ўтказилаётган бинода ёки бошқа жойда турган шахс олиб қўйиш ва Т. ўтказиш ҳақидаги қарорга ёки ажримга кўра олиниши зарур бўлган нарса ёки ҳужжатларни ўз ёнида яширинча сақламоқда деб ўйлаш учун етарли асослар бўлганида. Шахсий Т. тинтилаётган шахс билан бир жинсдаги суриштирувчи ёки терговчи томонидан мутахассис ҳамда холислар иштирокида ўтказилиши мумкин. Т. натижасида қўлга киритилган нарса ва хужжатлар Т.да иштирок этаётган шахсларга кўрсатилади, баённомада тўлиқ акс эттирилади. Баённоманинг нусхаси тинтилган шахсга ёки унинг вояга етган оила аъзоларига, улар бўлмаган тақдирда эса, тегишли ҳокимлик ёхуд фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакилига топширилиб, тилхат олинади. Зарур ҳолларда олиб қўйилаётган ҳужжатларнинг нусхалари берилади.
Мирзаюсуф Рустамбоев.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |