ТМК22 (Тошкент, Москва, Куба номлари бош ҳарфларидан) – ўртапишар помидор нави. Ўзбекистон сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик институтида Ўзбекистон, Россия ва Куба олимлари ҳамкорлигида Хейнс ва Л178 навларини чатиштириб яратилган (Е. Ермолова, В. Ф. Пивоваров, С.Т,Пессова, Г. И. Кленова, 1986). Дурагайларнинг 1-2-авлоди синовлари ва танлаш Тошкентда, 3-авлодини синаш Кубада, 4-7-авлоди синовлари Тошкентда ўтказилган. Тупи, шохланиши ўртача, баландлиги 65—70 см, меваси йирик (120—145 г), чўзиқ юмалоқ, юзаси силлиқ, пусти ва эти қаттиқ, ранги қизил, ташишга чидамли. Тупида узоқ, туриб қолса ҳам сифати бузилмайди. Таркибида қуруқ модда 5,6%, қанд 3,2%, C витаминни 27 мг %.

Уруғи иссиқхоналарда феврал 3-декадасида сепилиб, кўчати Тошкент вилоятида апрел 2-декадасидан майнинг 2-декадасигача 90х25 ёки 110х70х20 см схемасида экилади. Уруғи униб чиққач меваси 120-125 кунда пишади. Ҳосилдорлиги 450—700 с/га. 1990-йилда давлат реестрига киритилган. Ўзбекистоннинг ҳамма вилоятлари, Қирғизистон, Тожикистонда экилади. Узоқ масофаларга ташишга чидамли.