Тобут — Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари халқларида марҳумни қабрга элтиш учун ишлатиладиган мослама. Усти очиқ, 4 оёқчали, бош томони кенгроқ, оёқ томони торроқ, узунлиги 2— 2,5 метр. Кафанланган мурда солингандан кейин тобут махсус нарвонча устига ўрнатилади ва уни 4 киши кўтаради, баъзи халқларда, масалан, русларда тобут қопқоқли бўлиб, марҳумнинг жасади билан бирга гўрга қўйилади. Қадимда Ўрта Осиё халқларида ҳам олий табақага мансуб марҳумни йироқ ердан олиб келишда қопқоқли ёғоч тобут ишлатилган. Масалан, Амир Темур ва унинг набираси Муҳаммад Султон тут ёғочидан ясалган қопқоқли тобутда гўрга қўйилган. Тош тобутда, яъни саркофаг (Европада аталиши)да олий табақа жасадлар кумилган.