Токембрий — Ер тарихида биринчи геологик формациялар пайдо бўлишидан кембрий системаси (даври)тача ўтган давр. Т. Ер тарихининг 6/7 кисмини ташкил қилувчи вақтини ва Ер пўстининг шу даврда ҳосил бўлган қад. қатламларини ўз ичига олади. Бу даврнинг геологик тарихи узоқ вақт фанга номаълум бўлиб келган. Фақат ХХ асрнинг бошларидагина Т. стратиграфияси ва геохронологшгсини ўрганишда радиометрик методлар қўлланила бошлади. Т. бизга маълум бўлган 3500 млн. ёшга якин қад. геологик жинслар ҳосил бўлган даврдан то кембрий даври бошланишига қадар 2900 млн. йилдан ортиқ вақт давом этган. ХИХ асрнинг 2ярмида Шимолий Америкада тарихий геологик маълумотлар, жинсларнинг метаморфизм даражаси ва бошқа белгилари асосида Т.ни архей ёки археозой ва протерозой га бўлиш таклиф этилган. Улар орасидаги чегара, бундан 2500—2700 млн. йил илгари йирик бурмаланиш ва гранитланиш даврига тўғри келади. Т. ётқизиқдари барча қитʻаларда: Шаркий Европа, Сибир, Жанубий Хитой ва Ҳиндистон, шунингдек, Шимолий Америка, Африка, Австралия ва Антрактиданинг қад. платформаларида тарқалган. Юқори Т. ҳосилалари, кўпинча, қад. платформалар чўкинди қопламининг қуйи қисмини ташкил қилади. Улар, таркибида, ҳатто кучсиз метаморфизм таъсирида емирилувчи глауконит ва бошқа минераллар сақланган, камроқ ўзгарган жинслардан таркиб топган. Қуйи Т. ҳосилалари гнейс, мигматит, турли кристалли сланецлар, амфиболитлар, қисман жеспилит, кварсит ва мармарлардан иборат. Улар қалин қатламларни ташкил қилади. Бу эса, қатламларда қуйи Т.да барча материкларда кенг тарқалган ҳаракатчан ривожланиш (геосинклинал)дан далолат беради. Қуйи Т. охирида платформа типидаги формациялар пайдо бўлган. Юқори Т. формациялари турига кўра, палеозой формациялари турига яқин туради, улар кварс қумтошлари ва кварситлар, гилли сланецлар ва филлитлар, турли вулканоген жинслар, строматолитли доломитлар ва оҳактошлардан таркиб топган калин қатламлардан иборат. Т.нинг энг охирида молассларга ўхшаш жинслар қатлами пайдо бўлган. Т. ётқизикларида фанерозойнинг стратиграфик шкаласини тузишда асос бўлиб хизмат қиладиган скелетли ҳайвонлар йўқ, шунга қарамай органик ҳаёт излари кўп. Кўкяшил сувўтлар (строматолитлар) ва бактериялар (онколитлар)нинг ҳаёт маҳсуллари мавжуд. Т. қатламларида илгари спора деб ҳисобланган сувўтлардан келиб чиққан жуда майда (50 с ўлчамли) юмалоқ таначалар ("акритарх" ёки "сфероморфид"лар) учрайди.

Ҳайвонот дунёси ўсимликларга қараганда кам тараққий этган. Т.нинг кўпгина тошқотган жинслари етарлича аниқланмаган. Австралия, Жанубий Африка қумтошларида камданкам учрайдиган ноёб топилмалар венднинг ҳайвонот дунёси анча бой бўлганлигидан далолат беради.

Ўрта Осиё, Қозоғистон, Узоқ Шарқ букилмали системаларида ҳам Т. даврига мансуб жинслар аниқланган. Бу ерларда қуйи Т., шунингдек, рифейга оид ётқизиқлар мавжуд бўлиб, улар чўкинди ва вулканоген геосинклинал қатламларни ташкил этади. Ўзбекистонда Т. мажмуаси қуйи ва юқори протерозой ётқизиқларидан ташкил топган. Қуйи протерозой КосонҚоратерак (Тераксой, Семизсой свиталари) рнида, Бойсунтоғда (Қоратош, Хужабўзбарак, Айлангар, Шотут свиталари), Томдитоғда (Учқудуқтоғ, Юргантоғ свиталари), Бўкантоғда (Чолчаратоғ ва Қумлоқ свитасининг қуйи қисми). Улар гнейс, кристалли сланец, амфиболит, кварсит, мармарлардан таркиб топган, тирик мавжудот қолдиқлари топилмаган. Ўзбекистон ғарбида ўрта ва юқори рифей ётқизиқлари топилган. Турли хил кимёвий элементлар (олтин, уран, селен, ванадий, молибден ва бошқалар)нинг консентрацияси юқори. Бу эса шу регионда саноат объектларини шаклланишига сабабчи бўлади. Ўзбекистоннинг Т. кесмаларида топилган рифей биотаси қолдиқларининг бой мажмуи ва биргаликда топилган турли гуруҳлар узоқ ўтмишнинг геологик воқеалари тўғрисида жуда қизиқарли илмий маълумотлар беради. Бу эса, Жанубий Тяншаннинг қад. геологик ривожланиши тарихини янгича талқин қилишга имкон яратади. Ўзбекистонда Т. қатламлари борлигини илк бор геолог олим М. А. Аҳмаджонов аниқлаган. Т. фойдали қазилмаларга жуда бой. Бу давр ётқизиқларида темир рудалари (темир кварситлари, жеспилит), алюминий хом ашёси (кианит, силлиманит), марганец, олтин ва уран, мис, никел, кобалт рудалари, қўрғошинрух, слюда (мусковит), керамика хом ашёси ва нодир металлар (Т.нинг энг кейинги ҳосилаларида қад. нефт конлари) бор.