Tonzillit
Тонзиллит (лотинча, тонсилла — муртак безлари) — муртакнинг яллиғланиши. Ўткир (қаранг Ангина) ва сурункали тонзиллит фарқ қилинади. Сурункали тонзиллитга тез-тез ангина билан огриш, шунингдек, бурундан қийналиб нафас олиш, бурун ёндош бўшликларининг яллиғланиши, чириган тишлар (қаранг Тиш чириши) сабаб бўлади. Бемор томоғига бирор нарса қадалгандек сезади, томоғи оғрийди, ачишади, баъзан оғриқ қулоққа ўтади. Сурункали тонзиллитда иситма (37,3—37,5° гача) узоқ (ҳафталаб, ҳатто ойлаб) давом этиши, шу билан бирга бемор ланж бўлиб, боши оғриши, иш қобилияти пасайиши мумкин. Тонзиллитни фақат мутахассис врач даволайди: дезинфексияловчи эритмалар билан томоқ чайилади, муртак каналлари ювилади, сўнг ёдглицерин аралашмаси суртилади ва физотерапевтик муолажалар буюрилади. Сурункали тонзиллит тез-тез қўзиб туради. Касалликдан юрак ва буйрак функсияларининг бузилиши ҳамда бўғимларда оғриқ пайдо бўлиши каби асоратлар қолиши мумкин. Бундай асоратлар юз бермаслиги учун лозим бўлганда операциялар қилиб, муртаклар олиб ташланади.
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |