Тормоз (юн. тормос — ғилдиракни айлантирмай қўядиган мих тиқиладиган тешик) — машина ёки механизмнинг ҳаракат тезлигини пасайтириш ёки бутунлай тўхтатиш учун, кўтаришташиш машиналарида эса юкни осилган ҳолатда тутиб туриш учун мўлжалланган қурилма. Ишлаш усули бўйича механик (фриксион, ишқаланма), гидравлик (суюкликли) ва электр (электромагнит, индуксион ва бошқалар); тузилишига кўра, колодкали, тасмали (лентали), дисксимон, конуссимон ва бошқа турларга бўлинади. Машиналар ва механизмлар (кўтаришташиш машиналари, станокларнинг механизмлари, темир йўл вагонлари)да ташқи колодкали, автомобилларда ички колодкали Т.лар, қўл Т.лари ишлатилади. Бундай Т.ларда колодкадан ташқари барабан, шарнир, тортиш пружиналари (ричаг тизимлари) бўлади. Тасмали Т.да колодкалар ўрнига барабанни камраб турувчи тасма (лента) ишлатилади. Бундай Т.лар кўтаришташиш машиналарининг кўтариш, суриш ва буриш механизмларида қўлланади. Дискли Т.ларда механизм вали билан бирга айланувчи дискларнинг бошқа қўзғалмас дискка қисилиши туфайли тормозланиш юз беради. Бундай Т.лар транспорт машиналарининг турли механизмларида, металл кесиш станокларида ишлатилади.

Оғир транспорт машиналари, мас., юк автомобилларида дискколодкали Т.лар ишлатилади. Бунда тормозланиш диск ён сиртининг фриксион колодкалар билан ишқаланиши хисобига юз беради. Кўтариш машиналари, конвертерлар, синов қурилмалари ва бошқаларда тезлик (тезликни чеклаш) Т.лари ишлатилади. Бундай Т.ларнинг марказдан қочма, динамик (гидравлик), уюрма (индуксион) ва бошқа турлари бўлади. Т.ларни бошқариш учун механик, гидравлик, пневматик, электргидравлик, электрмеханик ва бошқа юритмалардан фойдаланилади. Мас., енгил автомобиллар ва кўтариш кранларида гидравлик бошқариш тизими, юк автомобиллари, автобуслар, трамвайлар, темир йўл поездларида, самолётларнинг шассисида пневматик тизим қўлланади.

Т.нинг электр юритмасида махсус доимий ёки ўзгарувчан ток электромагнитларидан фойдаланилади. Булар электр транспорт (электровозлар, трамвай, троллейбус ва бошқалар)да қўлланади.

Авиация ва космонавтакада аэродинамик тормозлаш усули (тормоз парашютлари, самолёт қанотидаги механизация элементлари ёрдамида), машина двигателининг иш режимини тормозлаш усули (мас., автомобилдаги секинлаштирувчи тормоз ёрдамида) ҳам қўлланади.