Тавр тоғлари, Торос (туркча Торос’лар) — Туркиянинг жанубий қисмидаги тоғ системаси. Ўрта денгиз соҳили бўйлаб тахминан 1000 км га чўзилган. Кичик Осиё ва Шарқий Тавр тоғликларининг жанубидаги тизмалар. Энг баланд жойи 3726 м (Темирқозиқ чўққиси). Асосан, оҳактошлардан, шунингдек, кристалли сланец ва метаморфик жинслардан тузилган. Тавр тоғларининг марказида айрим чўққиларнинг бал. 3000 м дан юқори, релефи алп типли, қад. музликларнинг излари сақланган. Ғарбий қисмида карст ландшафти учрайди. Шимолий ён бағирлари тиканли буталар усадиган чўл ва даштдан, жанубий ён багри сернам бўлганлигидан доим яшил ўрмон ва бутазорлардан иборат, юқори қисми игна баргли ўрмонлар ва алп ўтлоқлари билан қопланган. Тавр тоғларини Дажла, Фурот дарёлари кесиб ўтади. Миллий боғлар ташкил этилган.