Oʻlat
Ўлат, тоун — одам ва ҳайвонларнинг ўткир юқумли карантин касаллиги. Одамда умумий аҳволнинг оғирлашиши, интоксикация, тана ҳароратининг кўтарилиши, лимфа безлари, ўпка ва бошқалар аъзоларда яллиғланиш, сепсис ривожланиши билан кечади. Касаллик тез тарқалиши ва кўплаб беморлар нобуд бўлиши туфайли ўлат ўта хавфли юқумли касалликлар синфига киритилади. Ўлат қадимдан маълум, унинг эпидемиялари тез-тез учраб турган ва кўплаб кишиларнинг ўлимига сабаб бўлган. Ўлат эпидемиялари туфайли айрим ҳудудлар бутунлай бўшаб қолган. Ундан қутулиш мақсадида бошқа жойга қочиб кетган одамлар янги масканда ўлат эпидемияси тарқалишига сабаб бўлганлар. Қўзғатувчиси тоун микроби — майда тухумсимон, ҳаракациз. Танаси юпқа парда билан ўралган, у оддий озуқа муҳитларида, айниқса қон қўшилган муҳитларда яхши ўсади. Экзо ва эндотоксин ажратади, ташқи муҳитга ва қуритишга чидамли, тупроқда 7 ой, кийимкечакда 5-6 ойгача тирик сақланади. Ўлат микроби организмга тери, шиллиқ қаватлар, юқори нафас йўллари ва ҳоказо аъзолардан кириши мумкин.
Кемирувчилар (юмронқозиқ, қум сичқонлар, дала сичқонлари ва аҳоли яшайдиган жойлардаги каламушлар), туялар, шунингдек, ўлатнинг ўпка тури билан оғриган беморлар касаллик қўзғатувчиларининг манбаи ҳисобланади. Ўлат микроби ҳайвондан одамга ва одамдан одамга трансмиссив йўл билан (масалан, бурга чаққанда), баъзан касал ҳайвон гўштини нимталаганда, шунингдек, овқатга яхши текширилмаган гўшт ишлатилганда юқади. Ўлатнинг ўпка тури билан оғриган бемор соғлом кишилар учун айниқса хавфли, чунки у гаплашганида, аксирганида ҳавога ўлат таёқчаларини тарқатади. Инкубацион даври бир неча соатдан 3-6 кунгача. Касаллик ўткир бошланади, беморнинг эти увишиб, боши қаттиқ оғрийди, кўпинча кўнгли айнийди, қайт қилади, уйқусизликдан қийналади, алаҳлайди. Ўлатнинг ўпка турида ўпканинг яллиғланиши (ўлатли зотилжам) кузатилади, бу йўтал, қон аралаш балғам ажралиши, ҳаво етишмаслиги билан давом этади. Ўпканинг терибубон шаклида инфексия кирган жой бўртиб, қон аралаш суюқлик тутган пуфакча ҳосил бўлади, у кейинчалик сўрилиб кетади, шу соҳага яқин лимфа тугунлари шишади (яъни бубон ҳосил бўлади). Ичак шакли кучли ич кетиши, баъзан ахлатда қон ва шиллиқ бўлиши билан кечади. Септик шакли терида, шиллиқ пардаларда ва турли аъзоларда қон қуйилиши билан ажралиб туради, бу одатда, оғирроқ кечиб кўпинча ўлим билан тугайди.
Олдини олиш
Касаллик аниқланган жойда карантин эълон қилинади. Зарурат туғилганда у ерда яшайдиган аҳоли ўлат ваксинаси билан эмланади. Табиий ўчоқда мунтазам эпизоотик текширувлар ўтказиш, аҳоли ва ҳайвонларни назорат қилиш, тирик ваксина билан эмлаш, дала ва турар жойларда кемирувчилар, бургаларни қириш ва бошқалар тадбирлардан иборат. Бемор билан мулоқотда бўлганлар ва тиббий ходимлар касаллик ўчоғи тугатилгандан сўнг 6 кун давомида тиббий кузатув остида бўладилар. Даволашда антибиотиклар қўлланади. Ҳозирги вақтда ваксиналардан фойдаланиш, кемирувчилар ва бургаларга қарши кураш олиб бориш натижасида бу касаллик унча хавф туғдирмайди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли Ўлат (тоун)га қарши стансия ҳар йили баҳор ёз мавсумида касалликнинг табиий ўчоқларида эпизоотия олдини оладиган тадбирлар ва лабаратория текширувлари олиб боради.
Чорва молларининг ўлати қишлоқ хўжалиги ҳайвонларининг энг хавфли юқумли касалликларидан. Ҳар хил таксономик гуруҳларга мансуб махсус вируслар (қорамол, чўчқа, отлар ўлати, этхўр паррандалар — қушлар ўлати вируслари), МогШмгиз туркумига кирувчи вируслар ёки ўлат бактерияси қўзғатади (туялар ўлати). Юқори ҳарорат, шиллиқ қаватлар, асосан, ошқозоничак йўллари яллиғланиши билан тавсифланади. Касаллик манбаи касал ҳайвон. Ўлат билан касалланган ҳайвон соғ ҳайвон билан бирга боқилганда, камдан кам зарарланган ем орқали юқади. Ташхис лабаратория текширувлари асосида қўйилади.
Олдини олиш: касаллик тарқалган қўшни мамлакат чегарасида иммун зонани ташкил қилиш; касаллик пайдо бўлганда карантин тадбирлари; касал молларни сўйиш ва гўштини ёқиб юбориш; қолганларини эмлаш ва санитарияветеринария чоратадбирлари ўтказишдан иборат.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
Манбалар
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |