Трансформация (лот. трансформатио — қайта ўзгариш, қайта ҳосил бўлиш) (генетикада) — ҳужайрага ёт ДНК кириши натижасида унинг ирсий хусусиятлари ўзгариши; прокариотларда генетик материал алмашиниш усулларидан бири. Биринчи марта инглиз олими Ф. Гриффит (1928) пневмококкларда кашф этган. Ф. Гриффит патоген пневмококкларни қиздириб ўлдирганда улар сичқонларни зарарламаслигини, лекин бактерияларни патогенлик хусусиятига эга бўлмаган тирик бактериялар билан бирга сичқонларга юборилганда нопатоген бактериялар патогенлик хусусиятига эга бўлишини аниқлаган. АҚСҲ олими О. Эйвери ва унинг ходимлари (1944) нопатоген бактериялар патоген бўлиб қолиши (трансформацияланиши)нинг сабаби патоген бактерия штаммидан ажралган ДНК билан боғлиқ эканлигини аниқлади. Т. кейинчалик ҳар хил туркум ва турларга мансуб бактериялар — стрептококк, гемофилл бактериялар, пичан таёқчаси ва бошқаларда аниқланган. Т. ҳодисаси компетентлик хусусиятига эга бўлган айрим ҳужайралар билан боғлиқ (ҳужайранинг ёт ДНК ни боғлаш хусусияти махсус оқсил молекуласи синтезланиши билан тушунтирилади). Трансформациялайдиган ДНКнинг мол. массаси 300000 дан кам бўлмаслиги, 2 спиралли ва кимёвий тоза бўлиши лозим. Ҳужайрага донор ДНК сининг бир бўлаги ўтиб, ҳужайра хромосомаси билан рекомбинацияланади ва унинг хоссасини ўзгартиради.

Т.дан бактерияларни генетик анализ қилишда ва генетик инженерия соҳасидаги тажрибаларда фойдаланилади. Т. жараёнининг кашф этилиши ва ўрганилиши натижасида ДНКирсиятнинг моддий асоси эканлиги аниқланди. Т.дан эукариот ҳужайраларга ёт ДНК ни киритишда ҳам фойдаланилади (яна қаранг Генетик инженерия).

Адабиёт

  • Прозоров А. А., Генетическая трансформация и трансфексия, М., 1980; Тўрақулов Ё. Х. ва бошқа, Умумий биология, Т., 1999.