Trixomonoz
Трихомоноз — сийдиктаносил аъзоларининг яллиғланиш касаллиги; қин трихомонадалари қўзғатади. Касаллик қўзғатувчиси соғлом кишиларга жинсий йўл билан ўтади. Қин трихомонадалари ташқи муҳитнинг турли омилларига нисбатан беқарор бўлиб, улар (мас., куёш нури) таъсирида тезда нобуд бўлади. Қиз болага Т. бемор онаси ёки бошқа аёл билан бир ўринда ётганида юқиши мумкин. Т. эркакларда ҳам, аёлларда ҳам кузатилади; одатда, касаллик эркакларда билинарбилинмас кечади. Қин трихомонадалари эркакнинг сийдик чиқариш каналига кириб, уни яллиғлантиради (трихомонад уретрит); озгина шиллиқ чиқинди келиши мумкин, лекин касаллик ҳеч қандай аломатларсиз ўтади. Фақат беморни синчиклаб текширганда трихомонадалар топилади. Касалликнинг аниқ аломатлари бўлмаслигидан қатъи назар, трихомонадалар топилган кишилар, албатта, даволаниши шарт. Ўз вақтида даво қилинмаса, мояк ортиклари яллиғланиши (қаранг Эпидидимит), касаллик сурункали шаклга ўтиши ва бепуштликш сабаб бўлиши мумкин. Т. билан оғриган аёлларда кўпинча қин зарарланади. Қиндан қўланса ҳидли чиқинди ажралади ва ташқи жинсий аъзолар қичишиб, ловуллаб туради. Турли нохуш омиллар оқибатида организм чидамининг пасайиши (мас., организмнинг совқотиши, шамоллаш касалликлари, айниқса, туғруқдан ва абортдан кейинги касалликлар), шунингдек, ҳайз кўриш даври яллиғланишнинг бачадон ва бошқа аъзоларга тарқалиб кетишига сабаб бўлади (қаранг Андексит). Эр ёки хотинда касаллик топилган вақтда уларнинг ҳар иккаласи ҳам даволаниши шарт. Т. билан оғриган беморлар батамом соғайгунча даволанишлари зарур, акс ҳолда касаллик йиллаб чўзилиши, вақтвақти билан қўзиб туриши мумкин.
Т.ни даволаш даврида шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш; жинсий алоқадан ўзни тийиш керак. Даво тугагач, 2—3 ойгача врач назоратида бўлиш лозим. Т.нинг олдини олишда шахсий ва жинсий гигиена қоидаларига риоя қилиш муҳим аҳамиятга эга.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |