Тупроқ кесмасидаги горизонтлар

Тупроқ горизонти (тупроқ қатлами) — тупроқнинг ривожланиш жараёнида табиий шаклланган ва ажралиб турган қатлами. Маълум қалинликка эга горизонтлар бир-биридан морфологик белгилари, шунингдек, физик хоссалари, механик, кимёвий ҳамда минералогик таркиби билан фарқ қилади. Ҳар бир қатлам тупроқнинг ҳосил бўлиш ва ривожланиш тарихини ўзида яққол акс эттиради. Тупроқ қатламлари мажмуи тупроқ кесмаси (профили)ни ҳосил қилади. Тупроқ горизонти бош ҳарфлар — А, Б, C, горизонтча (қатламча)лар эса индексли ҳарфлар билан белгиланади. Чиринди моддалари асосан, устки чириндили қатламда (чириндили аккумулатив ёки элувиал горизонт деб аталиб, А ҳарфи билан белгиланади) ҳосил бўлиб, тўпланади ва баъзи тупроқларда сувда эрийдиган минерал ҳамда органик моддалар бу қатламдан ювилади, тупроқнинг минерал қисми емирилади. Бундан пастда ўткинчи — шимилма (Б; иллувиал ёки метаморфик) қатлам жойлашган бўлиб, унда элувиал қатламдан емирилган минерал модда маҳсулотларининг ювилган маълум қисми тўпланади. Тупроқ профили она жинс горизонти (C) билан чегараланади.

Ҳаволалар