„ТУРКИСТОН-ПРЕСС“ – нодавлат ахборот агентлиги; ёпиқ аксиядорлик жамияти. Агентликка ҳукуматга қарашли бўлмаган оммавий ахборот воситалари, давлат ва нодавлат ташкилотларидан иборат ташаббускор гуруҳ, томонидан 1998-йил 25 сентабрда асос солинган. Республика „Матбуот таркатувчи“ жамияти, Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларини демократиялаштириш ва қўллаб қувватлаш ижтимоийсиёсий жамғармаси (ҳозирги Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси), „Ўзбекистон ҳаво йўллари“ миллий авиакомпанияси, „Ўзбекнефтгаз“ миллий холдинг компанияси ва бошқа ташкилотлар томонидан таъсис этилган.

„Туркистон-пресс“ илк нодавлат ахборот агентлиги сифатида мамлакат ижтимоийсиёсий ҳаётида демократик жараёнларни чуқурлаштириш, оммавий ахборот воситалари имкониятларини кенгайтириш ва эркинлигини таъминлаш, уларни бозор иқтисодиёти ҳамда демократик тамойиллар асосида ислоҳ этишни кучайтириш мақсадида ташкил этилган. Шунингдек, агентлик республика ҳаёти ҳақидаги холис ахборотларни дунёга тезкор тарқатиш тизимини яратиш, Ўзбекистон фуқароларининг халқаро ҳаётга дахлдор ахборотларга бўлган эҳтиёжини янада тўла қондиришни кўзда тутади.

Агентлик томонидан 30 дан зиёд дипломатик корпус ҳамда халқаро ташкилотлар, шунингдек, Ўзбекистондаги йирик компаниялар учун ҳафталик хабарномалар тайёрланади. Бундан ташқари, агентлик ўз мухбирлари томонидан тайёрланаётган ахборотларни халқаро миқёсда тарқатишни ҳам йўлга қўйган. Агентлик Ўзбекистоннинг барча минтақаларида ўз мухбирларига эга. 2000-йилдан агентлик ўз нашри – „Моҳият“ газ.ни чоп эта бошлади. Шунингдек, унинг таркибида „Туркистонполиграф“ корхонаси ҳам фаолият кўрсатади.