Turnalar

Турналар (Груидаэ) — турнасимонлар туркуми оиласига мансуб қуш. 4 уруғга бирлашган 15 тури мавжуд. Йирик, оёқлари ва бўйни узун, қанотлари нисбатан кенг. Европа, Осиё, Шимолий Америка, Австралияда тарқалган. Суволди ёки ўта нам экосистемаларда яшайди. Мавсумий миграция даврида қишлаш жойларига катта гала бўлиб учиб кетади. Уясини ерга ўсимликлардан ясайди. 3—6 ёшида вояга етади. Насл учун иккала жинс ҳам ғамхўрлик қилади. 2— 3 та тухум қўйиб, 1 ойга яқин босади. Болалари 2—3 ой ўтгач, учирма бўлади. Жуфти доимий, узоқ сақланади. Ёш қушлар отаонаси билан қишлов жойига учиб кетади; баҳорда уя қуриш жойларига қайтиб келгандан сўнг алоҳида яшай бошлайди. Ўсимликлар уруғи, куртаги, меваси, ҳашаротлар, майда кемирувчилар, балиқлар, моллюскалар ва бошқа билан озиқланади. Ўзбекистонда оқ турна, кулранг турна ва кичик турна учиб ўтиш даврида учрайди. Жанубий вилоятларда кулранг турна қишлаб ҳам қолади. Оқ турна Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи ва Ўзбекистон Республикаси Қизил китобларига киритилган.
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Қушлар ҳақидаги уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |