Умаршайх, Умаршайх Мирзо (1356—1394, Хармоту) — темурий шаҳзода. Амир Темурнинг иккинчи ўғли.

Умаршайх
Темурий шахзода
Умар Шайх
Туғилиши 1356
Вафоти Фебруарй 1394 (ёши 37–38)
Фарзандлари
Тўлиқ номи
Му'из-уд-дин Умар Шайх Мирза
Уй Темурийлар сулоласи
Отаси Амир Темур
Онаси Тўлун Оғо
Дини Ислом

Онаси Тўлун оғо (Тўмлун оғо). Ёшлигидан моҳир чавандоз ва мард жангчи бўлиб етишган. Кейинчалик кўп жангларда кўрсатган жасурлиги ва қаҳрамонлиги эвазига „Баҳодир“ унвонига эришган. 1370-йил Амир Темурнинг Ҳусайн ибн Мусаллаб билан бўлган жангида, Умаршайх Балх қалъасини қамал қилиш чоғида мардона курашган, лекин жанг охирида оёғидан яраланган. У мўғулларга қарши олиб борилган кўпгина жангларда фаол қатнашиб, Соҳибқирон қўшинидаги истеъдодли саркардалар қаторидан ўрин олган. 1393-йил Амир Темур Умаршайхни Форс вилоятини забт этиш ишига масъул этиб тайинлайди. Умаршайх Мирзо Истаҳр, Фарак, Шаҳриёр ва бошқа қалъаларни эгаллаб, навбатдаги Саржон қалъасини эгаллаш учун уни қамал қилади. Айни шу чоғда Амир Темур Миср ва Шом (Сурия)ни қўлга киритиш учун Диёрбакир томон қўшин тортади. Шу боис, Соҳибқирон Умаршайхни ўз ҳузурига етиб келишини буюради. Умаршайх Мирзо Саржон қалъасини қамал қилиш амалиётини амир Идику Барлосга топшириб, ўзи Шерозга келади. Бу ерда Умаршайх ишончли амири Севинчакни Форсни забт этиш ишига мутасадди қилиб, ўзи отасини қошига йўл олади. Умаршайх Мирзо сафар пайтида Бағдод (баъзи манбаларда Шавлистон) йўли билан юриб Бағдоддан тўрт манзил масофадаги Курдистондан ўтиб бораётганида йўл чеккасидаги Хармоту қалъасига дуч келган. Умаршайх ушбу қалъани яхшироқ томоша қилиш мақсадида бир тепаликка чиқади. Шу пайт қалъа ичидан отилган ногаҳоний камон ўқи унинг қулоғи остидаги кўк томирга тегади. Умаршайх Мирзо шу заҳоти оламдан кўз юмади. Унинг қўшини Хармотуни ер билан яксон этади. Ушбу воқеадан хабар топган Амир Темур қаттиқ изтиробга тушади. У амир Учқаро баҳодирни ўғлининг жасадини Шерозга олиб келиш учун Хармоту томон жўнатади. Умаршайхнинг жасади Шерозга олиб келингач, мотам тутилиб, Мирзони муваққат дафн қиладилар. Маълум фурсатдан сўнг, Умаршайхнинг хотинлари — Севинч Қутлуқ оғо бегим, Бека Мулк оғо бегим ва Мулкат оғо бегимлар ҳамда ҳали вояга етмаган ўғли Искандар Мирзолар жасадни Шероздан Кеш (Шаҳрисабз)га олиб келадилар ва темурийлар хонадони учун махсус барпо этилган дахмага дафн этадилар. Умаршайх вафотидан сўнг, Амир Темур Форс мамлакати ерларини бошқаришни унинг тўнғич ўғли Пирмуҳаммад Мирзога топширади. Умаршайх Мирзодан шунингдек, яна беш ўғил — Рустам Мирзо, Искандар Мирзо, Аҳмад Мирзо, Саид Аҳмад Мирзо ва Бойқаро Мирзолар қолган эди.

Адабиёт

  • Низомиддин Шомий, Зафарнома, Т., 1966; Файзиев Т., Темурийлар шажараси, Т., 1996.