Uslub
Услуб — тилнинг инсон фаолиятининг муайян соҳаси билан боғлиқ вазифаларига кўра ажратилиши. Кишилар фаолиятнинг барча соҳаларида алоқа қилиш жараёнида тилдаги лексик, фразеологик, грамматик ва фонетик воситаларни танлаш ва ишлатишдан бир-бирларидан маълум даражада фарқ қиладилар. Умумхалқ тили доирасида тил воситаларининг бундай танлаб олиниши нутқнинг хилма-хил кўринишларининг пайдо бўлишига олиб келади. Нутқ услуби тилнинг вазифаси билан бевосита боғлиқ бўлади. Шунинг учун ҳам улар вазифавий (функсионал) услуб деб юритилади. Вазифавий услуб деганда, тилдан фарқ қиладиган қандайдир алоҳида нарса тушунилмайди, балки аниқ бир адабий тил таркиби ичида қараладиган, ўзига хос хусусиятлари, хизмат қилиш доираси билан ўзаро фарқ қилиб турадиган ёрдамчи тизим тушунилади. Вазифавий услуб нутқ кўринишларининг асосий вазифаларига, яъни алоқа, хабар бериш, таъсир этиш воситаси бўлишига кўра турли қисмларга бўлинади. Адабий тилнинг қуйидаги вазифавий услублари мавжуд: 1) сўзлашув услуби; 2) расмий услуб; 3) илмий услуб; 4) публицистик услуб; 5) бадиий услуб. Вазифавий услубни номлаш ва аташ ҳам уларнинг қандай алоқа доирасида ишлатилганлигига қараб белгиланади.
Сўзлашув услуби — кишиларнинг кундалик норасмий, эркин муомалалари доирасида тил бирликларининг ўзига хос амал қилишидир. Вазифавий услубнинг бу тури ўзига хос иш кўрсатиш шароити, яъни фикр олишувнинг бевоситалиги, тил воситаларини сайлаб ишлатилмаслиги билан, шунингдек, оҳанг воситалари, мимика, имо-ишора кабилардан кенг фойдаланиш, оддий лексик ва фразеологик бирликларнинг, экспрессивемоционал воситаларнинг кенг ишлатилиши билан ажралиб туради. Масалан, фарзанд — жужуқ, дунёдан ўтмоқ — жон бермоқ, имтиҳондан ўта олмаслик — имтиҳондан йиқилмоқ каби жуфтликларнинг иккинчиси асосан сўзлашув услубига хос. Сўзлашув услуби фонетик, лексик, морфологик ва синтактик ўзига хосликларга эга.
Расмий услуб (расмий иш қоғозлари услуби) — ҳозирги ўзбек адабий тилининг расмий ёзишмалар ва юридик ишларда амал қиладиган бир кўринишидир. Қонунлар матнлари, фармонлар, буйруқ ва кўрсатмалар, шартномалар, ҳар хил расмий ҳужжатлар, ташкилотлар ўртасидаги ёзишмалар расмий услубда ёзилади. Бу услуб бошқа услубдан лугавий ва грамматик хусусиятлари жиҳатидан фарқланади. Расмий услубда сўз ва сўз шаклларини қўллашда муайян чегараланишлар мавжуд. Хусусан, расмий иш услубида кичрайтириш, эркалаш қўшимчаларини олган сўзлар, кўтаринки, тантанавор ёки шевага оид сўзлар, тор доирадаги кишиларгина тушунадиган сўзлар, ўхшатиш, муболаға каби образли тафаккур ифодаси учун хизмат қилувчи шакллар ишлатилмайди. Расмий иш қоғозлари матнининг холислик, аниқлик, ихчамлик, мазмуний тўлиқликдан иборат зарурий сифатлари ундаги ўзига хос сўз қўллаш, морфологик ва синтактик хусусиятлар орқали таъмин этилади. Бу услубдаги гап қурилиши, одатда, таснифловчи, қайд этувчи ва қарор қилувчи қисмларнинг бирлигига асосланади. Шунинг учун ҳам расмий иш қоғозлари (ҳужжатлар)да нисбатан узун жумлалар, мураккаблашган, уюшиқ бўлакли гаплар кўп қўлланади. Расмий гап таркибида одатдаги сўз тартибига қатъий риоя қилинади. Расмий услубда сўроқ ва ундов гаплар деярли қўлланмайди, асосан, дарак ва буйруқ гаплар ишлатилади. Матн биринчи шахс ёки учинчи шахс тилидан ёзилади. Расмий иш қоғозлари матнини тузишда турғунлашган, қолиплашган сўз бирикмаларидан кенг фойдаланилади. Масалан, буйруқда"… сўм маош билан… лавозимига тайинлансин", ёки хизмат ёзишмаларида „Сизга…ни маълум қиламиз“. „…га корхона кафолат беради“ каби қолиплашган тузилмалар қўлланиши мумкин.
Илмий услуб — фан, техника ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган вазифавий услубдир. Бу услубда табиат ва ижтимоий ҳаётдаги ҳодисалар аниқ таърифланади, тушунтирилади. Вазифавий услубнинг бу тури терминологик ва мавҳум лексиканинг, мураккаб синтактик тузилмаларнинг қўлланиши, сўзларнинг асосан аниқ, тўғри маънода ишлатилиши, махсус ибораларга эгалиги ва шу кабилар билан ажралиб туради. Илмий услубда яна фаннинг турли соҳаларига оид рамз (символ) ва белгилар, рақамлар ҳам ишлатилади. Илмий услуб ўз ичида қуйидаги майда услубларга бўлинади: илмий иш услуби, илмий-техник услуб, илмий-оммабоп услуб, илмий-публицистик услуб. Фаннинг у ёки бу соҳасига тегишли тушунчаларни ифодаловчи атамаларга бойлиги илмий услубнинг энг асосий хусусиятларидан биридир.
Публицистик услуб вазифавий услубнинг бир тури бўлиб, у ижтимоий, сиёсий сўз ва ибораларнинг қўлланиши, жанрларнинг хилма-хиллиги ва бунинг натижасида тил воситаларидан услубий фойдаланишнинг ранг-баранглиги ва шу кабилар белгилар билан характерланади. Публицистик услуб ижтимоий-сиёсий адабиётларда, вақтли матбуотда, сиёсий чиқишларда, мажлислардаги нутқлар ва шу кабиларда ўз ифодасини топади. Ижтимоий-сиёсий билимларни тарғиб қилувчи ва кенг халқ оммасига етказувчи восита сифатида бу услуб тилининг ранг-баранглиги билан кишилар онгига кўпроқ таъсир этади. Публицистик услубнинг яна бир хусусияти шундаки, унда қисқалик асосий ўринни эгаллайди, яъни қисқа, лўнда, тушунарли, ёрқин, ихчам тилда ёзиш асосий талаблардан ҳисобланади. Публицистик услубда тил воситаларидан фойдаланишда муаллифнинг индивидуал услуби деярли ажралиб ёки сезилиб туради. Айниқса, бу ҳолат очерк, фелетон, бадиий публицистик макрларда тез кўзга ташланади. Бадиий услубда ҳам бу ҳолат мавжуд; расмий услубда эса бундай хусусият йўқ. Публицистик услуб баъзи қўлланма ва илмий адабиётларда „оммабоп услуб“, „матбуот услуби“ каби атамалар билан ҳам номланади.
Бадиий услуб — тилнинг коммуникатив ва эстетик вазифалари бирлиги билан бошқа услубга хос унсурлардан кенг фойдаланиши, экспрессив ва тасвирий воситаларнинг кўп ишлатилиши, сўзларнинг образли, кўчмаметафорик қўлланиши ва шу каби белгилари билан ажралиб туради. Тил материалини қамраб олиш имкониятининг кенглиги, умумхалқ тилида мавжуд бўлган барча луғавий бирликларнинг иштирок этавериши ва уларнинг муҳим бир вазифага — эстетик вазифани бажаришга хизмат қилишини бадиий нутқ услубининг ўзига хос хусусияти деб қараш керак бўлади, чунки ана шундай имконият бошқа вазифавий услубда чегаралангандир. Адабий тилда диалектизмлар, жаргонлар, варваризмлардан, дағал сўзлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлмагани ҳолда уларни бадиий услубда ўрни билан қўллаш мумкин. Вазифавий услубнинг ҳеч бирида тил ўзининг тузилиш жиҳатлари, луғат таркиби, яъни сўзнинг маъно бойлиги ва ранг-баранглигини, тўғри ва кўчма маъноларни бадиий нутқ услубидагичалик намойиш қила олмайди, грамматик қурилиши, яъни гапларнинг барча типлари билан иштирок эта олмайди. Бадиий адабиётнинг барча жанрларида сўз ишлатиш ва сўз танлаш имкониятларига бир мезон билан ёндашиб бўлмайди. Ҳар қайси адабий жанрнинг тасвир усули, сўз танлаш йўсини шу жанрдаги асарнинг умумий мавзусига, жанр турига боғлиқ бўлади. Масалан, баён шаклида ёзилган роман, ҳикоянинг тил воситалари билан сатирик ёки юмористик асарнинг тил воситалари бир хил эмас. Булардан ташқари, синоним сўзларнинг у ёки бунисидан фойдаланиш ҳам бадиий асар жанрига боғлиқ. Масалан, башар, само, ораз, мужда сўзлари, асосан, назмда қўлланади. Насрда ёки сўзлашув нутқида эса буларнинг маънодошлари — одам, осмон, юз, шамол, хушхабар сўзлари кенг қўлланади. Бадиий нутқ услубида ёзилган асарларни тасвирий воситаларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Услубий фигуралар деб аталувчи тасвир воситалари — инверсия, такрор, ўхшатиш, сифатлаш, метафора, жонлантириш, антитеза, градация, эллипсис, риторик сўроқларнинг бадиий услубда фаол қўлланиши бу услубнинг ўзига хос таркиби мавжудлигини кўрсатади. Тил воситаларининг вазифавий чегараланиши уларнинг нутқ жараёнида ҳам фарқлаш заруриятини келтириб чиқаради.
Адабиёт
- Ўзбек тили стилистикаеи, Т., 1983; Қўнғуров Р., Бегматов Э., Тожиев Ё., Нутқмаданияти вауслубиятасослари. Т., 1992.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |