Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси, Ўзбекистон ССР, ЎзССР (русча: Узбекская Советская Социалистическая Республика) — Совет Иттифоқи таркибига кирган республикаларнинг бири. Туркистон Автоном Совет Социалистик Республикаси, Бухоро Халқ Совет Республикаси ҳамда Хоразм Халқ Совет Республикаси ҳудудларининг, асосан, ўзбеклар ва қорақалпоқлар яшайдиган қисмларида вужудга келган. 1924-йилдан 1936-йилгача Ўзбекистон Социалистик Совет Республикаси (русча: Узбекская Советская Социалистическая Республика) деб аталган. Айрим манбаларда Совет Ўзбекистони деб юритилади.

1924–1991
Мақом Туркистон АССР таркибида (1918–1924)
Совет Иттифоқи республикаси (1924–1991)
Де фаcто суверен давлат (1990–1991)
Ҳукумат бошчиси  
• 1924–1937 (илк)
Файзулла Хўжаев
• 1990–1990 (сўнгги)
Шукрулло Мирсаидов
Давлат бошчиси  
Тарихий эра ХХ аср
Аввалги давлат
Кейинги давлат
Бухоро Халқ Совет Республикаси
Хоразм Халқ Совет Республикаси
Туркистон Автоном Совет Социалистик Республикаси
Тожикистон ССР
Ўзбекистон
Ҳозирда ҳудудида қуйидагилар мавжуд  Ўзбекистон
 Тожикистон
Ўзбекистон ССР мадҳиясидан парча

Пойтахти 1925-йил февралдан то май ойигача Бухоро, 1925-йил майдан то 1930-йил декабргача Самарқанд, 1930-йил охиридан Тошкент. Таркибига Қорақалпоғистон АССР кирган. Республика 11 областга бўлинган, 156 раён, 123 шаҳар, 98 шаҳар типидаги посёлкаси бўлган[1]. Ўзбекистон ССРнинг майдони 447 400 км² бўлган.

Аҳолиси

Ўзбекистон ССР аҳолиси 1926-йилда 5 миллиондан ортиқ бўлган, 1989-йилга келиб 20 миллионга етган. 1989-йилда Ўзбекистон ССРда ўзбеклар (14 миллиондан ошиқ), қорақалпоқлар (411 900), тожиклар (933 600), қозоқлар (808 200), қирғизлар (174 900), туркманлар (121 600) яшаган.

Ўзбекистон ССР ҳудуди шимол ва шимоли-ғарбда Қозоғистон ССР, жануби-ғарбда Туркманистон ССР, жануби-шарқда Тожикистон ССР, шимоли-шарқда Қирғизистон ССР, жанубида Афғонистон билан чегарадош бўлган.

Ўзбекистон ССРда бошқа совет республикаларидаги каби бир неча оммавий қатағон амалга оширилган, бироқ бундай ҳолатларга қарамасдан, мамлакатда юзлаб саноат корхоналари қурилган, янги шаҳар ва посёлкаларга асос солинган. Саводсизликни тугатиш ишлари олиб борилган, педагогик ва илмий кадрлар тайёрлаш мақсадида янги мактаблар, техникумлар ва институтлар очилган. Мирзачўл ва бошқа чўлларнинг ўзлаштирилиши натижасида экин майдонлари кенгайган.

Ўзбекистон ССР 1990-йилнинг 20-июнида суверенитет эълон қилди, аммо 1991-йилнинг 31-августида мустақиллик эълон қилиниб, Ўзбекистон Республикаси деб қайта номлангунича Совет Иттифоқи таркибида қолди. Ўзбекистон мустақиллиги 1991-йилнинг 26-декабрида Совет Иттифоқи парчаланиб кетганидан кейин тан олинди.

Тарихи

Ташкил топиши

Ўрта Осиёда миллий-ҳудудий чегараланиш ўтказилиши натижасида Туркистон Автоном Совет Социалистик Республикаси тугатилиб, унинг ҳудуди янги тузилган Ўзбекистон ССР, Туркманистон ССР, Тожикистон АССР (Ўзбекистон ССР таркибида, 1929-йилдан Тожикистон ССР), шунингдек, Қорақирғиз автоном вилояти (Россия СФСР таркибида; Қирғизистон ССР), Қорақалпоқ автоном вилояти (Қозоғистон АССР таркибида; кейинчалик Қорақалпоғистон АССР, 1936-йилдан Ўзбекистон ССР таркибида) таркибига киритилди.

Умумўзбек советларининг Бухорода бўлган биринчи қурултойи (1925-йил 13–17-феврал)да „Ўзбекистон Совет Социалистик Республикасини ташкил этиш тўғрисида декларация“ қабул қилинди. Қурултойда республиканинг олий органлари: Ўзбекистон ССР Марказий Ижроия Қўмитаси (Ўзбекистон ССР МИК) ва Ўзбекистон ССР Халқ Комиссарлари Совети (Ўзбекистон ССР ХКС тузилган).

Бутунўзбек советларнинг биринчи қурултойи. Бухоро. 1925-йил

Ўзбекистон ССР Бутуниттифоқ советларининг 3-сездида (1925-йил 13-май)да СССР таркибига киритилган. 1927, 1937, 1978-йилларда Ўзбекистон ССР конституциялари қабул қилинган.

1920-йиллар

Республикадаги деҳқонларни ғоявий жиҳатдан бирлаштириб турган ташкилотлардан бири „Қўшчи“ иттифоқи бўлган (1920–1933-йилларда фаолият кўрсатган). 1924-йилда 200 минг кишини ўзига бирлаштирган бу иттифоқ ҳам аста-секин болшевикларнинг қишлоқдаги мустабид сиёсати тарғиботчисига айланган. Қишлоқ камбағалларининг энг қашшоқ қисмини ўзида бирлаштирган бу ташкилот коллективлаштириш (жамоалаштириш) ва „қулоқлаштириш“ даврида салбий рол ўйнади.

1924 йилда Тошкентнинг эски шаҳрида ўзбек аёллари гуруҳи
Халқаро хотин-қизлар кунида паранжиларни ёқиб юбориш маросими. Андижон, 1927-йил.

Ўзбекистон ССРда болшевиклар томонидан амалга оширилган „социалистик тажриба“ маҳаллий халқ томонидан норозилик билан қарши олинди. Совет ҳокимиятининг дастлабки 10 йилликларида миллий раҳбар ходимлар ва зиёлилар томонидан марказнинг зўравонлигига қарши очиқ танқидий фикрлар айтилган. Мухолифат айрим давлат ва жамоат арбоблари, ёзувчилар, шоирлар, маориф ходимлари ва ҳуқуқшуносларни ўзаро бирлаштирган эди.

1925–1929-йилларда Ўзбекистонда ер-сув ислоҳоти амалга оширилди. Бу ислоҳот жойларда шарт-шароитлар ва тайёргарлик даражасига қараб уч босқичда ўтказилди. Кейинчалик қишлоқ хўжалигини коллективлаштириш амалга оширилиб, колхоз ва совхозлар тузилди, бироқ шўролар ҳокимияти ўзига тўқ деҳқон хўжаликларини „қулоқ“ („муштумзўр“) сифатида тугатиш сиёсатини олиб борган.

1930-йиллар

Совет режими даставвал мавжуд тузумга мухолифатда турганларга қарши репрессия сиёсатини амалга оширган бўлса, 30-йиллардан бошлаб ўз халқига нисбатан оммавий террорни қўллади. ХХ аср 20-йилларининг иккинчи ярми ва 30-йиллар бошида Ўзбекистон ССРда „Ўн саккизлар гуруҳи“, „иноғомовчилик“, „қосимовчилик“, „бадриддиновчилик“, „миллий иттиҳодчилар“, „наркомпрос иши“ каби сиёсий ишлар тўқилиши ва Мунавварқори бошчилигидаги миллий зиёлиларнинг қамоққа олиниши натижасида кўплаб ўзбек зиёлилари қатағон қилинди. 1931-йил апрелда Москвада бўлиб ўтган суд мажлисидан кейин Мунавварқори бошчилигидаги 15 киши отиб ташланди, қолган 70 киши эса узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Лотин алифбосида ёзилган ўзбекча плакат: „Колхозларда меҳнат интизомини мустаҳкамла!“ Тошкент, 1933-йил.

30-йиллар ўртасига келганда бутун мамлакатда бўлгани сингари Ўзбекистон ССРда ҳам оммавий қатағонлар авж олди. Республикадаги аксарият сиёсий раҳбарлар 1937–1938-йилларда „миллатчилик ва совет ҳокимиятига қарши кураш олиб бориш“да, шунингдек, қуролли қўзғолон кўтаришни тайёрлашда айбланди. Файзулла Хўжаев, Акмал Икромов, Султон Сегизбоев каби сиёсий раҳбарлар қатл этилди.

Ўзбекистон ССР жамиятнинг барча табақаларига ёйилган ҳибсга олиш тўлқини остида қолди. Давлат ва жамият арбоблари, хўжалик раҳбарлари ва оддий кишилар билан бир қаторда миллий зиёлилар оммавий равишда қатағон қилинди. ХХ аср ўзбек адабиётининг арбоблари; Фитрат, Чўлпон ва Абдулла Қодирий ва бошқалар отиб ташланди.

1937–1939-йилларда тўқиб чиқарилган сохта айбловлар бўйича Ўзбекистонда 41 мингдан ортиқ киши ҳибсга олиниб, улардан 37 мингдан ортиғи жазоланди, 6 920 киши эса отиб ўлдиришга ҳукм қилинди. Умуман олганда, 1937–1953-йилларда Ўзбекистон ССР Ички ишлар халқ комиссарлиги (НКВД) тройкаси (учлиги) томонидан 100 мингдан ортиқ киши қатағон қилинди, улардан 15 минг нафари отиб ташланди. 1936–1940-йилларда фақат давлат ва жамоат арбоблари, ёзувчилар, шоирлар ва олимлардан 5 758 киши қамоққа олиниб, улардан 4 811 киши отиб ўлдиришга ҳукм қилинган эди.

1940-йиллар

Иккинчи жаҳон уруши йиллари

Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистон ССРдан 1,5 миллион киши фронтга кетган, улардан 450 мингдан ортиқ киши жанг майдонларида ҳалок бўлган. Фашистлар босиб олган ҳудудлардан Ўзбекистонга 1 миллиондан ортиқ киши, жумладан, 200 минг бола эвакуация қилинди.

1943–1944-йилларда қалмоқлар, қрим татарлари, чеченлар, ингушлар, олмонлар, қорачойлар, юнонлар, месхетин турклари, болқорлар ўз тарихий ватани ёки доимий яшаш жойларидан мамлакатнинг шарқий ҳудудларига кўчириб юборилди. Қримдан 151 604 қрим татарлари, Гуржистондан 110 минг месхетин турклари, Шимолий Кавказдан 175 минг чечен, 20 мингдан ортиқ ингуш, 4 500 болқор, арман ва юнонлар Ўзбекистон ССРга кўчирилди. Кўчириб келтирилганлар орасида бошқа халқларнинг вакиллари ҳам оз эмас эди. Махсус кўчириб келтирилганларнинг кўпчилиги колхоз ва совхозларга ишга жойлашдилар, кейинчалик Мирзачўлни ўзлаштиришда иштирок этдилар.

Уруш йилларида Ўзбекистон ССР қишлоқ хўжалиги аҳли энг мураккаб ва оғир шароитларда меҳнат қилиб, давлатга 4 148 000 тонна пахта, 82 миллион пуд ғалла, 54 067 тонна пилла, 195 минг тонна шоли, 57 444 тонна ҳўл мева, 36 минг тонна қуруқ мева, 159 300 тонна гўшт, 22 300 тонна жун ва бошқа маҳсулотларни етказиб бердилар. Урушда вайрон бўлган халқ хўжалигини тиклашга ёрдам бериш учун кўплаб ўзбекистонликлар Россия СФСР, Украина ССР, Белоруссия ССР ва бошқа республикаларга жўнатилди.

1940-йилларнинг иккинчи ярми

Уруш тугагач, орадан кўп ўтмай Ўзбекистон ССР бўйлаб яна бир ялпи қирғин тўлқини елиб ўтди. ХХ асрнинг 40-йиллари охири ва 50-йиллари бошидаги қатағонлар, асосан, маданият ва фан арбобларига қарши қаратилди. Ўзбекистон Компартияси МК марказнинг йўл-йўриқларига таянган ҳолда дунёқараши ва ижоди партия мафкурасидан фарқ қиладиган ижодий зиёлилар вакилларига қарши ҳужум бошлади. Ёзувчи ва шоирлардан Саид Аҳмад, Шукрулло, Мирзакалон Исмоилий, Шуҳрат, Мақсуд Шайхзода, Миркарим Осим, Ҳамид Сулаймонов, шунингдек, Муҳиддин Қориёқубов 1951-йилда „советларга қарши миллатчилик фаолияти“ олиб борганликда айбланиб қамоққа олиндилар ва 25 йил озодликдан маҳрум этилдилар. Ўзбек халқининг фахри ҳисобланган Ойбек бадном қилинди.

1950–1970-йиллар

ХХ асрнинг 50–80-йилларида Ўзбекистон ССРда турли саноат корхоналари қурилган, янги шаҳар ва посёлкаларга асос солинган. Мирзачўл ва бошқа чўлларнинг ўзлаштирилиши натижасида экин майдонлари кенгайган. Халқнинг турмуш даражаси муайян даражада яхшиланган. Айниқса, Ўзбекистон иқтисодиёти марказ манфаатларига бўйсундирилган. ССРИнинг аграр республикаларидан бирига айланган Ўзбекистон ССРда пахта яккаҳокимлиги ўрнатилган. ХХ асрнинг 60-йилларида Орол денгизининг қуриши бошланди ва у минтақадаги экологик муҳитга жиддий зарар етказди.

1980-йиллар

ХХ асрнинг 80-йиллари бошларига келганда совет режими, унинг сиёсий тизими ва хўжалик юритиш усуллари ўзининг ривожланиш имкониятларини тугата бошлаган. Ўзбекистон ССР иқтисодиёти ҳам, катта хом ашё ва табиий бойликлар захирасига эга бўлишига қарамасдан, ССРИнинг марказий ҳудудларидан жуда тез ортда қола бошлаган.

Ўзбекистон ССРнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида 1984-йил 23-июнда бўлган Ўзбекистон Компартияси МК 16-пленуми машъум рол ўйнаган. Москва ташаббуси ва кўрсатмаси билан ташкил қилинган бу пленумда қабул қилинган ҳужжатлар Ўзбекистон ССРда ўзбек халқини асоссиз бадном этиш компаниясини бошлаб берди.

Ўзбекистон компартияси 60 йиллигига бағишланган почта маркаси

ССРИ Бош прокурори ҳузурида алоҳида муҳим ишлар бўйича махсус 12 кишилик терговчилар гуруҳи тузилиб, 1983-йилдаёқ Ўзбекистон ССРга юборилган эди. Улар кейинчалик марказдан республикага келган „десантчилар“га таяниб, Ўзбекистонда навбатдаги қатағонни амалга оширди.

Ўзбекистон ССРда пахта тайёрлаш ва уни қайта ишлаш билан боғлиқ жараёнлардаги „қўшиб ёзиш“, „ўғрилик“, „кўзбўямачилик“, „порахўрлик“ ва ҳоказоларни тергов қилувчи Гдлян ва Иванов гуруҳининг талаби билан республикадаги жамоа хўжаликлари раислари ва совхоз директорларининг 60 фоизи, қишлоқ хўжалиги етакчи мутахассисларининг 45 фоизи, пахтачилик бригада бошлиқларининг 35 фоизи, шунингдек, кўплаб раҳбарлар, вилоятлар ва туманлар партия қўмитаси котиблари, республика миқёсидаги партия, совет ва хўжалик раҳбарлари ўз вазифаларидан олиб ташланди ва уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилди.

1983–1990-йилларда Ўзбекистон ССРда „пахта иши“ бўйича жами 40 минг киши тергов қилинди, 5 минг киши эса сохта айблар билан жиноий жавобгарликка тортилди. Тергов жараёнида инсон ҳуқуқлари топталиб, тутқунларга жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказилди. Уларнинг оила аъзолари ва қариндош-уруғлари ҳам қамоққа ташланди.

Мустақилликка эришиши

Ўзбекистон ССРда қилинган қатағон ва ёвузликлар халқ оммасини совет режимига нисбатан нафратини оширди, тузумга бўлган муносабатини кескин ўзгартирди. Ана шундай мураккаб бир вазиятда республикада мустақиллик учун кураш кучайди. 1990-йил 20-июнда Ўзбекистон ССР Олий Совети „Мустақиллик декларацияси“ни қабул қилди. 1991-йил 31-августда „Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилиш тўғрисида“ қонун қабул қилиниб, Ўзбекистон мустақилликка эришди.

Маъмурий бўлиниши

Ўзбекистон ССР маъмурий жиҳатдан 1925-йилда дастлаб 10 та вилоят (Самарқанд, Тошкент, Фарғона, Хўжанд, Бухоро, Наманган, Зарафшон, Сурхондарё, Қашқадарё, Хоразм) ва Тожикистон АССР (1929-йилгача Ўзбекистон ССР таркибида бўлган), 22 уезд ва 241 волостга бўлинган. 1926-йилда маъмурий-иқтисодий раёнлаштириш амалга оширилган.

1987-йилда Ўзбекистон ССР таркибига Қорақалпоғистон АССР (1936-йилдан у Ўзбекистон ССР таркибида бўлган), 12 та област (Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона, Хоразм, Қашқадарё), 155 раён, 123 шаҳар, 95 та посёлка ҳамда Тошкент шаҳри кирган.

Ўзбекистон ССР пойтахти 1925-йил февралдан то май ойигача Бухоро шаҳри бўлган. 1925-йил майдан то 1930-йил декабргача Самарқанд шаҳри пойтахт бўлган. 1930-йил охиридан пойтахт Тошкентга кўчган.

Бошқарув тизими

Ўзбекистон ССР сиёсий ҳаётида Ўзкомпартия (1925-йил февралда Бухорода тузилган) етакчи рол ўйнаган. ЎзССР да ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи олий органи — ЎзССР Олий Совети (1937-йилдан) ҳамда ижро қилувчи ва бошқарувчи олий органи — ЎзССР Министрлар Совети (1946-йилдан) ҳисобланган. Давлат ҳокимиятининг маҳаллий органлари — 2,5 йилга сайланадиган халқ депутатларининг област, раён, шаҳар, посёлка, қишлоқ ва овул советлари бўлган. Бироқ амалда ҳокимият Совет Иттифоқи Коммунистик партияси (КПСС)нинг республикадаги бўлими — Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси ва марказ гумашталари қўлида бўлган. ЎзКП (б) эътиборини совет ҳокимиятини мустаҳкамлашга, босмачилик ва маҳаллий мулкдорларга қарши курашга, социалистик индустрлаштиришни амалга оширишга, қишлоқ хўжалигини коллективлаштиришга, маданий инқилобни ўтказишга қаратган.

Ўзбекистон ССР ташкил қилинганидан сўнг республика давлат бошқаруви органлари Иттифоқ органлари тартибида ва улардан андоза олинган ҳолда тузилган. Бу иттифоқдош республикаларнинг марказдан туриб бошқаришнинг энг осон ва оддий, шу билан бирга мустаҳкам шакли эди.

Меҳнат аҳлининг энг оммавий ташкилоти — касаба уюшмалари ҳам партия қўмиталарига тўла-тўкис қарам бўлиб қолган. Мустабид тузум ёш авлодни коммунистик руҳда тарбиялашга мунтазам эътибор қаратган. Бу ишлар билан Бутуниттифоқ ленинчи коммунистик ёшлар союзи (ВЛКСМ) нинг Ўзбекистондаги органи — Ўзбекистон ленинчи коммунистик ёшлар союзи (ЎзЛКСМ) шуғулланган.

Ўзбекистон ССР Конституциясида Ўзбекистон ССР Совет Иттифоқи таркибидаги тенг ҳуқуқли суверен республика сифатида ўз ҳудудида давлат ҳокимиятини мустақил равишда амалга оширади, чет давлатлар билан алоқа боғлаш, улар билан шартномалар тузиш ҳамда дипломатик ва консуллик вакиллари айирбошлаш, халқаро ташкилотлар фаолиятида иштирок этиш ҳуқуқига эга деб белгилаб қўйилган бўлса ҳам, амалда Ўзбекистоннинг ҳуқуқи Россия СФСР таркибидаги областлар ёки автоном республикалар ҳуқуқи билан тенглаштирилиб қўйилган эди. Юқори лавозимдаги кадрларни тайинлаш ёки олиб ташлаш марказдан туриб ҳал қилинар эди.

ЎзССР Халқ Комиссарлари Советининг раислари

ЎзССР Министрлар Советининг раислари

ЎзССР Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг раиси

ЎзССР Компартияси МКнинг биринчи котиблари

ЎзССР Марказий Ижроия Қўмитаси раислари

ЎзССР Олий Совети Президиуми раислари

ЎзССР Олий Совети раиси

Иқтисоди

Ўзбекистоннинг совет даври тарихи муайян йўқотишлар ва фожиалар билан биргаликда катта қурилишлар ва саноат корхоналари бунёд этилган давр ҳамдир. Айнан шу даврда Ўзбекистон ССР замонавий қишлоқ хўжалиги республикасига айлантирилди. Бу йилларда иқтисодиёт, маданият, маориф, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот соҳаларида муайян ютуқларга эришилди.

Ўзбекистон ССРда 1925–1926-йилларда ишчилар сони 11 900 кишига етди. Уларнинг 29,3 фоизини маҳаллий миллат вакиллари ташкил этарди. Ўзбекистон учун саноат қурилишини кенг суръатда жадаллаштириш ниҳоятда зарур эди. Чунки республика иқтисодиёти ХХ асрнинг 30-йиллари бўсағасида ҳам аграр хусусиятга эгалигича қолаётган эди. 1927-йилда Ўзбекистон ССР халқ хўжалигида қишлоқ хўжалигининг салмоғи 62,6 фоиз, саноатнинг салмоғи 37,4 фоизни ташкил этар, шу билан бирга саноат ишлаб чиқаришнинг 90 фоизи қишлоқ хўжалиги хом ашёсини қайта ишлашга асосланган эди. Иқтисодиёт хом ашё йўналишида бўлганлиги сабабли Ўзбекистон ССР саноати фақат бир томонлама ихтисослаштирилаётган эди: унинг 2/3 қисмига яқини пахта тозалаш саноати ҳиссасига тўғри келарди, у бутунлай метрополия эҳтиёжларини қондиришга хизмат қиларди, унинг бошқа тармоқлари ўз ҳолича ривожланиб, умуман, ССРИ иқтисодиёти билан заиф боғланган эди.

Биринчи беш йиллик

Биринчи 5 йиллик даври (1928–1932)да Ўзбекистон ССРда 289 та саноат корхонаси қурилди ва ишга туширилди, 79 та корхона қайта ташкил этилди, саноатнинг асосий ишлаб чиқариш фондлари 3 баравар, нефт қазиб чиқариш 2,5 баравар, металл ишлаш саноати маҳсулотлари 6 баравар, семент ишлаб чиқариш 3,5 баравар ортди. Енгил саноатнинг кончилик, поябзал ишлаб чиқариш, тикувчилик соҳалари ва ип-газлама ишлаб чиқариш суръатлари ошиб борди. Ана шу даврда Ўрта Осиёда пахтачилик, машинасозлик саноатининг тўнғичи бўлган „Ташселмаш“ ва Қувасой семент заводи барпо этилди. „Чирчиққурилиш“, Тошкент тўқимачилик комбинати қурилиши тез суръатлар билан олиб борилди. Фарғона тўқимачилик фабрикаси ва ёғ заводи, Бухоро, Тошкент ва бошқа шаҳарларда тикувчилик фабрикалари ишга туширилди.

Саноатнинг ривожлантирилиши энергетика базасини кенгайтиришни талаб қиларди. Фарғона, Самарқанд, Тошкент ва бошқа жойларда янги электр стансиялари қурилди. 1932-йилда барча электр стансияларининг сони 1928-йилдаги 16 та ўрнига 49 тага етди, электр қуввати ишлаб чиқариш эса 7 баравардан зиёдроқ ошди.

Иккинчи беш йиллик

Иккинчи 5 йиллик даври (1933–1937)да Ўзбекистон ССРда барпо қилинадиган саноат корхоналари маҳаллий шароит ва миллий манфаатларни эмас, балки марказ эҳтиёжларини ҳисобга олиб режалаштирилган эди. Мас, Чирчиқдаги азотли ўғитлар заводи ва Тошкент тўқимачилик комбинатини барпо этишдан мақсад Ўрта Осиё минтақасида пахтачиликни ривожлантиришдан иборат бўлган. Умуман иккинчи 5 йиллик даврида 189 та турли саноат корхоналари ва электр стансиялари барпо этилди. Улар орасида Фарғонадаги йигириш-тўқиш фабрикаси, Хавдоғ ва Учқизил нефт конлари, Тошкент матбаа комбинати, Қўқон суперфосфат заводи, Бухородаги иссиқлик электр стансиялари, Қодирия ва Бўржар стансиялари, Тошкент лок-бўёқ заводи ва бошқалар бор бўлиб, улар, асосан, Совет Иттифоқи эҳтиёжларини қондириш учун хизмат қилган.

Учинчи беш йиллик

Урушдан олдинги учинчи 5 йиллик даври (1938–1942)да саноат ривожланишида силжиш кузатилди. Урушнинг бошланишига келиб, Ўзбекистон ССРда 134 та саноат корхонаси қўшимча равишда ишга туширилди. Улар орасида Чирчиқ электр-кимё комбинати, Тошкент тўқимачилик комбинатининг 2 навбати, Мўйноқдаги йирик балиқ-консерва заводи бор эди. Чирчиқ ГЕС, Олмалиқ мис эритиш комбинати, Қувасой ГРЕСи, Товоқсой ва Самарқанд ГЕСларини қуриш, Ангрендаги кўмир конини ишга тушириш жадал суръатлар билан борди.

Уруш бошланиши вақтига келиб республиканинг саноат потенсиали 1 445 та йирик ва ўрта саноат корхоналарини ҳамда 19 мингта майда корхоналарни ўз ичига олган. Ўзбекистон ССР воситаларини ва истеъмол буюмларини ишлаб чиқарадиган тармоқлар ўртасидаги нисбат жиддий равишда ўзгарди. Йирик саноат салмоғи 1928-йилдаги 16,3 фоиздан 1940-йилда 32,8 фоизга кўтарилди.

Саноатни кадрлар билан таъминлаш жараёни зиддиятли хусусиятга эга бўлди. Умуман, шиддатли индустрлаштириш суръатлари ишчилар ва муҳандис-техник кадрлар билан таъминлашнинг миқдор жиҳатидан ўсишига обектив шароит яратди. Масалан, йирик саноатда ишчилар синфининг сони биринчи 5 йилликдаги 17,9 мингдан 62,4 минг кишига етди ёки деярли 3,5 баравар ортди. 1937-йилга келиб саноат ишчиларининг умумий миқдори 181 минг кишидан иборат бўлган. Лекин улар орасида маҳаллий миллат вакиллари озчиликни ташкил қилган.

Урушдан кейинги йиллар

Совет давлатининг сиёсий раҳбарияти, халқ хўжалигини бошқаришда ўзлари йўл қўйган хато ва камчиликлар натижасида юзага келган йўқотишлар ўрнини маъмурий буйруқбозлик орқали мажбурлаш ва юқоридан ташкил қилинган „социалистик мусобақа“, „зарбдорлик“, „стахановчилик“ ва бошқа бир қатор ишчилар ҳаракатлари воситасида „омманинг инқилобий ғайрат-шижоати“ни авж олдириш билан қоплашга интилди.

Ўзбекистон ССРда пахта яккаҳокимлиги ўрнатилган. Бухоро, 1973-йил. Урбаин Ж. Кинет сурати.

Ўзбекистон ССР Совет Иттифоқига пахта хом ашёсини етказиб берувчи асосий республика ҳисобланган. Ўзбекистонда етиштирилган пахтанинг асосий қисми Россиянинг тўқимачилик фабрикаларига қайта ишлаш учун юборилган ва чет элларга экспорт қилинган. Ўзбекистон саноати, асосан, қишлоқ хўжалиги эҳтиёжларига хизмат қилишга йўналтирилган эди. Саноатда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига дастлабки тарзда ишлов берадиган тармоқлар асосий ўринни эгаллайди. Республика хом ашёсининг пировард маҳсулоти Совет Иттифоқи саноат марказларида ишлаб чиқарилар, бинобарин, фойданинг асосий қисми ҳам ўша ерда қоларди. Шунингдек, Бухоро — Урал ва дунёда энг узун Ўрта Осиё — Марказ газ қувурлари орқали Ўзбекистоннинг табиий гази Россия СФСР ва Шарқий Европа давлатларига жўнатилган. Лекин республикадаги шаҳар ва қишлоқларнинг аксарият қисми газлаштирилмаган эди. Ўзбекистонда қазиб олинган олтин, уран ва бошқа нодир металларнинг экспортидан келган валюта марказнинг хазинасига тушган. Республикада ишлаб чиқарилган саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 42 та мамлакатга экспорт қилинган, лекин Ўзбекистон ССР чет эллар билан алоқа ўрнатиш, хорижий фирмалар ва компаниялар билан бевосита иқтисодий шартномалар тузиш ҳуқуқидан маҳрум эди. Бундай ваколат фақат марказдаги Иттифоқ министрликлари ва идоралари зиммасида бўлган.

Демографияси

Ўзбекистон ССР аҳолиси 1926-йилда 5 миллиондан ортиқ бўлган, 1989-йилга келиб 20 миллионга етган. 1989-йилда Ўзбекистон ССРда ўзбеклар (14 миллиондан ошиқ), қорақалпоқлар (411 900), тожиклар (933 600), қозоқлар (808 200), қирғизлар (174 900), туркманлар (121 600) яшаган.

Вилоят Ҳудуди, км² Аҳолиси Ўзбеклар Руслар Тожиклар Қозоқлар Татарлар Қрим татарлари Қирғизлар Туркманлар Қорақалпоқлар Корейслар Украинлар Турклар
Қорақалпоғистон 164 900 1 212 207 397 826 19 846 128 318 739 7 769 27 60 244 389 146 9 174
Хоразм 6 300 1 012 313 957 623 12 179 255 14 155 7 829 27 5 960 910 6 434
Бухоро 142 100 1 622 484 1 226 967 133 197 50 920 91 126 36 835 9 781 8 147 15 739 3 226 12 870 1 500
Самарқанд 24 500 2 281 872 1 764 872 113 522 209 161 8 185 35 044 3 368 6 504 14 226 18 495
Қашқадарё 28 400 1 595 760 1 399 238 37 579 79 876 21 184 7 175 19 722 649
Сурхондарё 20 800 1 249 879 993 244 37 846 160 837 3 732 16 996 54 18 225 3 707
Сирдарё 25 600 1 297 949 923 534 88 415 58 947 71 406 33 947 19 016 29 326 16 730 18 655
Тошкент шаҳри 400 2 060 206 910 334 701 326 14 857 30 607 129 236 13 516 3 621 43 973 59 988
Тошкент 15 200 2 143 462 1 075 486 313 855 89 625 266 365 106 160 64 880 10 086 76 178 26 558 43 168
Фарғона 7 100 2 148 737 1 735 011 123 826 114 482 32 726 22 833 43 552 6 504 11 100 13 582
Андижон 4 200 1 721 337 1 506 993 44 658 24 509 24 870 9 781 70 446 4 707 5 000
Наманган 7 900 1 470 871 1 252 218 27 229 129 963 15 235 11 640 16 177 3 676 3 000
Жами 447 400 19 810 077 14 142 475 1 653 478 933 560 808 227 467 829 188 772 174 140 121 578 411 878 183 140 153 197 106 302

Маданияти

Ўзбекистон ССРда болшевиклар партияси томонидан ХХ асрнинг 20-йиллар охири — 30-йиллар бошида амалга оширилган „маданий инқилоб“ ўзбек миллий маданиятига қаттиқ зарба берди. Марказ томонидан ўзбек халқининг урф-одатлари ва асрий қадриятлари зарарли деб ҳисобланиб, улар ман этилди. Шунингдек, совет даврида Ислом дини ва унинг қадриятлари оёқости қилинди. Ўзбек тили иккинчи даражали тилга, рус тили эса давлат ва асосий муомала тилига айлантирилди.

Бироқ бундай ҳолатларга қарамасдан, совет даврида мамлакатда маданият соҳасида катта ютуқларга ҳам эришилди. Саводсизликни тугатиш ишлари олиб борилди, педагогик ва илмий кадрлар тайёрлаш мақсадида янги мактаблар, техникумлар ва институтлар очилди. Мафкуравий тазйиқларга қарамай, Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Абдулла Қаҳҳор, Мақсуд Шайхзода, Миртемир каби ёзувчи ва шоирлар, Ҳабиб Абдуллаев, Иброҳим Мўминов, Обид Содиқов, Яҳё Ғуломов каби олимлар, Олим Хўжаев, Раззоқ Ҳамроев, Шукур Бурҳонов, Лутфихоним Саримсоқова, Ҳалима Носирова, Тамарахоним каби санъаткорлар етишиб чиқди.

1929-йилда араб имлосига асосланган ўзбек ёзуви лотин, 1940-йилда эса кирилл имлосига алмаштирилди. 1993-йилнинг 2-сентабрида — Совет Иттифоқи парчаланиб кетиб, Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин Ўзбекистонда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисидаги қонун қабул қилинди. Аммо янги ёзувга ўтиш жараёни ҳалигача ўз якунига етгани йўқ.

Совет даврида ўзбек тилининг илк кенг қамровли изоҳли луғати ҳамда ўзбек тилидаги илк умумий энсиклопедия — 14 жилдли „Ўзбек совет энсиклопедияси“ чоп этилди, минглаб хориж ёзувчи ва шоирларининг асарлари ўзбек тилига таржима қилинди.

Манбалар

  1. ↑ "Ўзбекистон ССР" (ўзбекча). Энсиклопедик луғат. 2. Тошкент: Ўзбек совет энсиклопедияси. 1988. п. 464. 5-89890-018-7. 

Адабиётлар

  • „Ўзбекистоннинг янги тарихи“, 2-китоб [Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида], Тошкент, 2000;
  • Азизхўжаев А., „Мустақиллик: курашлар, изтироблар, қувончлар“, Тошкент, 2001;
  • Алимова Д. А., Голованов А. А., „Ўзбекистон мустабид совет тузуми даврида: сиёсий ва мафкуравий тазйиқ оқибатлари“, Тошкент, 2000;
  • „Тарих шоҳидлиги ва сабоқлари“, Тошкент, 2001;
  • „Ўзбекистон тарихи“ (1917–1991-йил), Тошкент, 2002;
  • Шамсутдинов Р., „Қишлоқ фожеаси: жамоалаштириш, қулоқлаштириш, сургун“, Тошкент, 2003.

Ҳаволалар