Vara
Вара — (араб. الورع — бирон нарсадан ўзини тийиш ва тортиниш) — шубҳали нарсани тарк қилмоқ, энг ишончлисини олиб, нафсни машаққатга солмоқ.
Ушбу сўз айрим ҳадис тўпламларида учрайди. Уларга кўра, вара — 1) тийилиш; 2) шубҳаларни тарк қилиш; 3) шунингдек, таъқиқланган ишларга олиб бориши мумкин бўлган мубоҳлардан қайтиш маъноларинии англатади. Кенгроқ маънода вара тақвога етиштирувчи муҳим воситадир.
Ҳаким Термизий ва Табароний келтирган ривоятда „Ибодатнинг афзали фиқҳ. Диннинг афзали вара“, дейилади. Тушунчанинг тақводан фарқи шундаки, у тақвонинг ички ва иш бажарувчи муҳим таркибий қисми сифатида ҳам намоён бўлади. Уни тақвонинг амалга ошган, яъни, амалий қисми деса ҳам бўлади. Тақво — қалбни ҳимоялаш, уни эҳтиёт қилиб сақлаш бўлса, вара — Аллоҳ таъқиқлаган нарсалардан тийилишдир.
Вара қилувчининг аломати нарсанинг, гапнинг ва ейишнинг озлигини яхши кўришидир. Уларнинг амали, бу каломининг меъёр, ҳужжат ва хавф билан бўлиши, доимий ҳазирлик ва одамларнинг айби билан эмас, ўзи билан машғул бўлишидир. Бунда уларнинг одамлар айби билан машғул бўлиши имкони қолмайди. Киши токи Аллоҳнинг улуғлигини, қудрати, ҳайбати ва султони тўғрисида тафаккур қилмагунича варага ета олмайди. Шунда ундан қўрқади ва ҳаё қилади. Ундан ҳаё қилганда эса варага қодир бўлади.
Вара кўплаб олимлар томонидан талқин қилинган, жумладан, машҳур суфий Ҳаким Термизийга кўра, вара беш нарса билан бўлади: илм, варанинг фойдасини ёдда тутиш, Аллоҳнинг улуғлигини ёдда тутиш, ҳаё, Аллоҳнинг ғазабидан қочишдир.
Абдуллоҳ ибн Муборакдан ривоят қилинишича, вара- қалбларни соф қилиш, тилни сақлаш ва ишлардан ўзига тегишли бўлмаганини тарк қилишдир. Қутайба ибн Са’ид эса „Агар Суфён Саврий бўлмаганда вара ўлар эди“, деган. Абулфаворис Кирмоний „Тақвонинг аломати вара, варанинг аломати эса шубҳалардан тийилиш“, деган. Саррожга кўра, вара аҳли уч тоифа ажратилиб, булар: 1) шубҳалардан вара қилувчи, бу омманинг даражаси; 2) бу борада, ҳадисда келганидек, қалбига ва нафсига назар қилиб, унга қараб иш кўрувчи, бу қалб арбоблари ва мутаҳаққиқлар даражаси; 3) Аллоҳни унутдирувчи нарсалардан четланиш. Бу орифларнинг даражасидир. Бу сиддиқлар вараси ҳам дейилади. Саррож ва Суҳравардийларга кўра, вара солиҳ босиб ўтадиган мақомларнинг бири. Яҳё ибн Муозга кўра, вара илм ва шариат чегарасида (зоҳирида) та’вилсиз тўхташ.
Суҳравардийга кўра, вара — хавфнинг, хавф эса ма’рифатнинг, маърифат эса қурбатнинг далили. Ибн Арабий эса варанинг ҳаром ва шубҳалардан четланиш маъносини келтириш билан чекланган. Лисониддин Хатиб ва яна баъзиларга кўра, вара — омма зуҳдининг олий даражаси бўлса, муридлар учун унинг бошланғич босқичидир. Варанинг фақат мубоҳларга тегишли экани, яна Абдуллоҳ ибн Муборак, Фузайл ибн Иёз ва Жунайд Бағдодийдан унинг энг қийини касбдан ҳам кўра, тил билан экани ривоят қилинади. Сарий Сақатийга кўра варани маҳкам тутиш абдоллар тўрт сифатининг биринчисидир. „Вара“ араблар каломида „вақф“ (тўхтамоқ)дир, дейилади: „Эй йигит, вара қил“, яъни „тўхта!“ У ҳалол ва ҳаром орасида (яъни, шубҳали нарсалар борасида) тўхташдир[1].
Манбалар
Адабиётлар
- Усмонов И, Олимов С, Ё'лдашхо'джаев Ҳ, Фахриддинов З, То'йчиева Н, Жабборов Н, Чо'тматов Ж, Раҳимов К, Комилжонова З, Каримова С, Нурмуҳаммедов Д, Эркабоева Ф, Жураев О Турдиева Д.. Тасаввуф атамалари. Мовароуннаҳр нашриёти, 2015 — 360-бет. ИСБН 978-9943-12-346-5.