Вариацион статистика — математик статистиканинг амалий тармоги; статистик туплам (мажмуа)ларда белгиларнинг тақсимланишини ўрганади. Статистик тўплам бирон бир жиҳатдан ухшаш жуда кўп объэктлар ёки ялпи ҳодисалардан ташкил топади. В.с. барча биологик объэктларга хос бўлган ўзгарувчанлик кўп учрайдиган биология, генетика ва қишлоқ хўжалиги экинлари селексиясида кенг қўлланади. В.с. математик статистиканинг назарий хулосаларига асосланади ва асосан кузатилаётган объэктдаги миқдорий белгиларнинг ўзгаришини ўрганишда қўлланади. Бир гуруҳга мансуб белгиларнинг у ёки бу даражада вариацияланишм ташқи муҳит омилларининг айрим кузатиш объэктларига турлича таъсири ҳамда уларнинг ўзига хос хусусиятларига боғлиқ. Белгиларнинг турли шароитда ўзгаришини ўрганиб, мазкур белгининг қанчалик ташқи омиллар таъсирига учраганлигини аниқлаш мумкин. Айниқса миқдорий белгилар жуда ўзгарувчан. Селексион-генетик материални миқдорий белгилар бўйича баҳолашда зарурий улчаш, ҳисоблаш, тарозида тортиш, биокимёвий таҳлил ишлари амалга оширилади. Натижада ҳали тартибга келмаган, „хом“ маълумот тўпланади. Тўғри маълумот олиш ва реал мавжуд бўлган қонуниятларни топиш учун тўпланган фактик маълумотлар В.с. усуллари билан ишланади. Бу усулларда сифат ва миқдор ўзгарувчанликнинг асосий кўрсаткичлари: ўртача арифметик (х), дисперсия (ст2), ўзгарувчанлик коэффициенти (в,%) ва ўртача арифметик хато (Сх) кабилар аниқланади. Дисперсион анализ энг мукаммал усул бўлиб, популяциянинг умумий ёки фенотипик ўзгарувчанлигини асосий омил ёки асосий омиллар ҳамда муҳит шароити таъсири билан боғлиқ компонентларга ажратиш имконини беради. Бундан ташқари тадқиқотларда белгиларнинг ирсийланиши ва популяциянинг танлашга кўрсатадиган реаксиясини баҳолашда генетик-статистик усуллар ҳам қўлланади. Шунингдек, организм белги ва хусусиятларининг коррелятив боғланиш (қаранг Корреляция) йўналиши ҳамда кучини, белгининг муҳит шароитига боғлиқ ҳолда корреляцион ўзгарувчанлигини аниқлашга имкон берувчи корреляцион, регрессион ва ковариацион таҳлиллардан ҳам фойдаланилади.

Наталя Симонгулян. Толибжон Турғунов.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил