Васф (араб.— сифатлаш, таърифлаш) — лирика жанри. В.га таом турлари, мева хиллари, сабзавот, фасллар, кўпик, сув, ёмғир, дўл, ой, муз ва б. Ҳам мавзу қилиб олиниши мумкин. Унда инсон нарса орқали кўрсатилади, тасвир қиёсий тус олади, таққос кутилмаган, фавқулодда бўлади, нарса жонлантирилади. Инсон образи ва ҳислати тўғридан-тўғри тасвир этилмайди, китобхон ўйлашга мажбур бўлади, эмоционал таъсирланади. В. маърифий-эстетик аҳамиятга эга, жанр тузилиши ва вазни ҳар хил бўлиши мумкин. Авестода учраши ҳақида ҳам маълумотлар бор. Араб мамлакатларида исломгача бўлган даврдаёқ қасида жанри ичида қўлланган; у топишмоқлар, масалга яқин.

В. ҳажми бир байтдан то ўн байтгача ва ундан ортиқ бўлиши мумкин, қисқалик, лўндалик унинг муҳим томонидир. В. арабларда мустақил жанр сифатида Х асрда шаклланган. Шу асрда Бухорода яшаб, араб тилида ижод қилгаи шоирлар В. ёзганлар. Замонавий ўзбек адиблари ижодида В. кўплаб учрайди.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  • Абу Мансур ас-Саолибий, Ятимат ад-даҳр, Т., 1976; Адабий турлар ва жанрлар, 2-ж. Т., 1992.