Вексел (немисча. Wечсел — айирбошлаш) — кўрсатилган муддатда муайян миқдордаги пулни тўлаш мажбурияти қайд этилган қарздорлик ҳақидаги расмий ҳужжат; қимматли қоғоз. У универсал тўлов, кредит ва ҳисоб воситаси бўлиб, халқаро савдода тўлов мажбурияти; қисқа муддатли (6 ой) тижорат-кредит воситаси; банклараро узоқ муддатли муносабатларни шакллантирувчи восита; банклардан ссуда олиш учун гаров (шунингдек тижорат банки марказий банкдан ссуда олишда берадиган гаров) тарзида кенг қўлланади. Векселнинг асосан оддий вексел (қарздор томонидан муайян суммани белгиланган муддатда қайтариш ҳақида қарз берувчи олдидаги мажбурият); ўтказма вексел (қарз берувчининг қарзни векселни тақдим этувчига ёки ҳужжатда кўрсатилган шахсга тўлаш ҳақидаги буйруғи); хазина вексел (ўз ҳаражатларини қоплаш учун давлат томонидан чиқарилади); молия вексел (бир банк бошқа банкка қарз пули олиш учун беради); тижорат вексел (товар эгасига гаров тарзида берилади) ва бошқа турлари бор[1].

Вексел ҳисоб воситаси ва айирбошлаш ҳужжати сифатида европа мамлакатларида ХВИИ асрда шаклланди. ХИХ асрнинг охиридан бошлаб Туркистондаги хусусий тижорат банклари савдо-сотиқда вексел муомаласини кенг йўлга қўйган. Собиқ Иттифоқда, шу жумладан, Ўзбекистонда вексел янги иқтисодий сиёсат даврида (давлат ҳамда кооператив корхоналар ўртасидаги муносабатларда) ҳам ишлатилган. 1930—32 й.лардаги кредит ислоҳотида бевосита мақсадли банк орқали кредитлашга ўтилиши билан мамлакат ичида вексел муомаласи тугатилган. Бошқа кўпгина давлатларда вексел муомалалари 1930-йил Женевада қабул қилинган "Вексел тўғрисида"ги конвенсияга мувофиқ олиб борилади. Унда векселнинг қуйидаги мажбурий унсурлари бўлиши қатий белгиланган: Вексел белгиси — "Вексел" ёзуви; Векселда кўрсатилган суммани сўзсиз тўлаш мажбурияти; қарз тўловчи ва биринчи вексел эгасининг номи; ремитент номи; тўлов муддати ва жойи; вексел тўлдирилган сана ва манзил; вексел берувчининг имзоси.

Векселни амал қилиш муддатини чўзиш (вексел пролонгацияси) қонунга мувофиқ ёки трассант ва трассатнинг ўзаро келишуви асосида амалга оширилади.

ЎзРнинг 1993-йил 2-сентабрдаги "Қимматли қоғозлар ва фонд биржаси тўғрисида"ги қонунига мувофиқ 1994 й.дан бошлаб Ўзбекистонда Векселлар муомалага киритилди. Векселлар нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга оширишнинг энг қулай воситаси сифатида корхона ва ташкилотларда кенг қўлланади.

Эсон Эгамов.

Манбалар

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил