Veterinariya




Ветеринария, ветеринария тиббиёти, байтария (лотинча: ветеринариус — ҳайвонларни парвариш қилувчи, ҳайвонларни даволовчи) — ҳайвонлар касалликларини ўрганувчи фанлар мажмуи ҳамда ҳайвонлар касалликларининг олдини олиш ва уларни йўқотиш, аҳолини одам ва ҳайвонлар учун умумий бўлган касалликлардан муҳофаза қилишга қаратилган тадбирлар тизими. Ветеринария шартли равишда 3 гуруҳга ажратиладиган фанларни ўз ичига олади: ветеринария- биология фанлари — ҳайвонларнинг соғлом ва касал организмлари тузилиши ва ҳаёт фаолиятини, касаллик қўзғатувчиларини, дори моддаларининг организмга таъсирини ўрганади (ҳайвонларнинг нормал ва патологик анатомияси, физиологияси, ҳайвонлар биокимёси, Ветеринария микробиологияси, вирусология, микология, физиология ва бошқалар); клиник фанлар — ҳайвонлар касалликларини, уларни аниқлаш усулларини, касалликларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этишни ўрганади эпизоотология ва инфексион касалликлар, паразитология, инвазион касалликлар, ички юқумли бўлмаган касалликлар, хирургия, акушерлик ва гинекология (сунъий қочириш билан бирга) ва бошқалар ветеринария-санитария фанлари — ҳайвон организмига ташқи омиллар таъсирини, ҳайвонлар яшайдиган муҳитни яхшилаш муаммоларини (зоогигиена), шунингдек ҳайвонлардан олинадиган маҳсулотлар ва хом ашё сифати масалаларини ўрганади (Ветеринария санитарияси, Ветеринария санитария экспертизаси).
Ветеринария, зоотехника, биология, кимё ва бошқалар фанлар билан чамбарчас боғлиқ. Ветеринария мутахассислари олиб борадиган тадбирлар (профилактика, даволаш, эпизоотияга қарши кураш, ветеринария-санитария тадбирлари) чорвага касалликлар етказадиган зарар ҳажмини қисқартириш имкониятини яратади, чорва бош сонини сақлаб қолишни ва чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтиришни таъминлайди. Ҳайвонлар ва одам учун умумий бўлган касалликларга қарши кураш, ҳайвонот маҳсулотлари сифатини назорат қилиш одамларнинг касалликларга чалинишини камайтиришга ёрдам беради.
Одамлар ҳайвонларни қўлга зорлаб келмоқда ва улардан хўжалик мақсадларида фойдаланган даврдан бошлаб ҳайвонларни даволаб ҳам келганлар.
Ўзбекистонда кенг тармоқли Ветеринария муассасалари ва ташкилотлари, илмий тадқиқот институтлари ва стансиялари, Ветеринария бўйича мутахассислар тайёрлайдиган олий ўқув юртлари ва техникумлари ташкил этилган. Ўзбекистонда Ветеринария врачлари Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети(собиқ-Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти)да тайёрланади (1929-йилдан). Ветеринария соҳасидаги илмий тадқиқот ишлари Ўзбекистон ветеринария илмий-тадқиқот институти (Самарқанд вилояти)да олиб борилади (қаранг Ветеринария институти). Республикадаги бир қатор қишлоқ хўжалиги коллежлари ва техникумларида ўрта махсус маълумотли Ветеринария мутахассислари тайёрланади. Республикада Ветеринария фани ривожига академиклар Г. И. Скрябин, М. А. Султонов, Ж. Азимов, Н. В. Баданин, И. Ҳ. Иргашев, Н. М. Матчонов, профессорлар Р. Х. Хаитов, Б. С. Салимов, М. Аминжонов, Ш. Азимов, А. О. Орипов, Т. Қ. Қобилов, О. М. Мавлонов, А. Л. Рўзимуродов, З. Н. Норбоев, Ж. Шопўлатов, С. И. Вохддов, Ш. И. Ибрагимов, Х. З. Ибрагимов, Ш. Т. Расулов, Д. Х. Нарзиев, Ф. Х. Мажидов ва бошқалар катта ҳисса қўшдилар. Республикада Ветеринария ишларига умумий раҳбарликни Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси олиб боради. Ветеринария вазифалари, Ветеринария хизматини ташкил этиш асослари, Ветеринария мутахассисларининг ҳуқуқ ва бурчлари Ўзбекистон Республикасининг „Ветеринария тўғрисида“ қонунида (31.12.2015) белгилаб берилган (қаранг Ветеринария хизмати).
Адабиётлар
- Мусаев, Мубошир. „Ветеринария“ ЎзМЕ. В-ҳарфи (Wайбаcк Мачине сайтида 2021-08-30 санасида архивланган) Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
- Ветеринария врачлари учун қисқача справочник, Т., 1968;Шопўлатов Ж., Ветеринария асослари, Т., 1993.
| Фанлар ҳақидаги уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |