Vitvatersrand
Витватерсранд — дунёдаги энг йирик олтин-уранли ҳавза (кон). ЖАР ҳудудида (Трансваал ва Оранж провинсиялари) жойлашган. 1884 -й.да очилган. 1886-йилдан эксплуатация қилина бошлаган. 1952-йилдан йўл-йўлакай уран олинмоқда. 1980-йилгача кондан 36 минг т олтин олинган. Бу эса иқтисодий ривожланган ва ривожланаётган давлатларда олинган олтиннинг қарийб 1/3 қисмини ташкил этди. Олтиннинг умумий захираси 15,5 дан 18,7 минг т гача, товар рудасидаги ўртача миқдори 9,3 г/т. 10 та горизонтдан 4000 м гача чуқурлиқдан олтин олинади. Руда қазиб олишнинг йирик марказлари: Ёханнесбург , Клерксдорп, Одендалсрюс, Белком. Шахталарда температура 50° дан юқори. У3Ог нинг умумий захираси 128 минг т, руда таркибидаги ўртача миқдори 0,02—0,05%. 1970-йиллар 2-ярмида ҳар йили 3,2 дан 5,5 минг т гача уран олинган. 1970-йилда энг кўп олтин олинган (1000,4 т). Кейинги йилларда олинган олтиннинг миқдори аста-секин камая борди. Йўл-йўлакай пирит, осмийли иридий гуруҳи минераллари, платинали металлар ва кумуш олинади. Рудаланиш асосан қуйи протерозой даври Витватерсранд системасида жойлашган. Рудали конгломератлардаги руда жинслари (рифлар) рудасиз кварсит қатламлари билан бирга учрайди. Конгломератлар рифлар ҳосил қилган, уларнинг саноатбоп хиллари банкет деб аталади. Алоҳида конгломерат қатламларининг қалинлиги 2—3 см дан 3 м гача, уз. 3–4 км гача. Рудали майдонда 3 ярус (юқори, ўрта ва қуйи) жинслари иштирок этган. Қуйи ярус архей даври гнейс ва кристалли сланеслардан, ўрта ярус кечки токембрий сланес, кварсит, конгломерат ва вулкан жинсларидан ва юқори ярус палеозой ётқизиқларидан ташкил топган. В. ҳосил бўлиши мунозарали. Бир гуруҳ олимлар В. қад. дарё делталари сочмалари бўлиб кейинчалик метаморфлашган десалар, бошқалар гидротермал жа-раёни иштирок этган деб ҳисоблайдилар.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |