Волтомметр — ток занжиридаги кучланиш ва қаршиликни ўлчайдиган электр асбоби; волтметр ва омметрдан иборат. Волтомметрлар ўзгармас ток занжирида қўлланади. Тўғрилагич волтомметрлар универсал асбоб бўлиб, ўзгарувчан ва ўзгармас ток занжиридаги кучланишни, ўзгармас ток занжиридаги қаршиликни ўлчайди. У ўлчаш механизми, яримўтказгичли тўғрилагич ва қўшимча резисторлардан иборат. Универсал волтомметрларнинг замонавий вариантлари микроэлектрон схемалар асосида яратилмоқда. Улар анча ихчамлиги ва пухталиги билан лампали ва транзисторли ўлчов асбобларидан ажралиб туради. Уларни ишлатиш анча қулай ва осон. Волтомметрлар электр энергияси ишлатиладиган жойларда, кучланиш ва қаршиликни ўлчаш ва кузатиб туриш зарур бўлган лаб., сехлар ва электр устахоналарида қўлланади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил