Абū Жаъфар Ҳорūн ибн Муḥаммад (арабча: أبو جعفر هارون بن محمد المعتصم‎‎; 812-йил 17-апрел — 847-йил 10-август), кўпроқ ҳукмдорлик номи Восиқ биллоҳ (الواثق بالله, сўзма-сўз таржимаси — „Аллоҳга ишонган киши“) билан машҳур, 842-йилдан 847-йилгача (Исломий тақвим бўйича ҳижрий 227—232-йиллар) Аббосийлар халифаси.

Восиқ
الواثق
Халифа
Амир ал-Мўминин
Obverse and reverse of a gold coin with Arabic writing
Восиқнинг олтин динори. 843-йил Бағдодда зарб этилган.
Аббосийлар халифалигининг 9-халифаси
Салтанат 842-йил 5-январ — 847-йил 10-август
Ўтмишдоши Муътасим
Давомчиси Мутаваккил
Туғилиши 812-йил 17-апрел
Макка яқини, Аббосийлар халифалиги
Вафоти 847-йил 10-август
(35 ёшда)
Самарра, Аббосийлар халифалиги
Дафн этилган жой
Турмуш ўртоғи қуйини қаранг
Фарзандлари Муҳаммад ал-Муҳтадий
Сулоласи Аббосийлар
Отаси Муътасим
Онаси Қаратис
Дини Мўтазилий ислом

Манбаларда Восиқ билимдон, ақл-заковатга қизиқувчан, шу билан бирга шоир ва ичкиликбоз, шоир ва мусиқачилар ҳамда олимлар даврасидан баҳраманд бўлувчи шахс сифатида та’рифланган. Унинг қисқа ҳукмронлиги отаси Муътасим сиёсатининг узвий давоми бўлган. Чунки ҳокимият Муътасим тайинлаган амалдорлар қўлида бўлишда давом этган. Ҳукмронликнинг асосий воқеалари қўзғолонларни бостириш бўлган. Жумладан, 842-йил Сурияда, 845-йил Ҳижозда ва 846-йилда Ямамада бадавийлар қўзғолонлари бўлиб ўтган. Арманистонни тинчлантириш учун бир неча ҳаракат қилган. Энг муҳими 846-йилда Аҳмад ибн Наср ал-Хузоий бошчилигида Бағдодда бўлиб ўтган мувафаққияциз қўзғолон бўлган. Восиқнинг мўтазилийлик таълимотини қўллаб-қувватлашда давом этган ва мухолифларини йўқ қилиш учун миҳнани қайта фаоллаштирган. Ташқи сиёсатда Византия империяси билан кўп йиллик зиддиятлар давом этган. Аббосийлар ҳатто Мауропотамосда муҳим ғалабага эришган, аммо 845-йилда асирлар алмашинувидан сўнг уруш бир неча йилга тўхтаган.

Восиқнинг характери бошқа аббосий халифалари билан таққослаганда нисбатан ноаниқ. Афтидан, халифа саройдаги дабдабали ҳаёт билан банд бўлган ўтроқ ҳукмдор, қобилиятли шоир, шоир ва мусиқачилар ҳомийси бўлган, шунингдек, илмий ишларга ҳам қизиқиш билдирган. Восиқнинг кутилмаган ўлими туфайли меросхўр тайинлашга улгурмаган. Восиқнинг ўғли Муҳтадий ёшлиги туфайли, ўгай укаси Мутаваккил етакчи амалдорлар гуруҳи томонидан кейинги халифа этиб сайланган.

Ёшлик даври

Восиқ 812-йилнинг 17-апрелида (турли манбаларда 811—813-йиллар, бироз олдинроқ ёки кейинроқ саналар берилган) Макка йўлида туғилган. Отаси аббосий шаҳзодаси, кейинроқ халифа бўлган Муътасим (ҳ. 833–842), онаси эса Византиялик юнон қул (умму ал-валад) Қаратис эди[1][2]. Бобоси халифа Ҳорун ар-Рашид (ҳ. 786–809) шарафига Ҳорун исми берилган[3] ва Абу Жаъфар текноними бўлган[4].

Восиқнинг ёшлиги мавҳум, бундан ташқари, унинг отаси дастлаб ворислик ҳуқуқи бўлмаган кичик шаҳзода эди[1]. Муътасим машҳур мавқеини мустаҳкамлаб бориб, охир-оқибат туркий қуллардан иборат шахсий элита қўшинини (ғилмон) бошқаргани туфайли халифаликка эриша олган[5]. Ҳорун ибн Зиёд Восиқнинг биринчи устози сифатида тилга олинган. Амакиси халифа Маъмундан (ҳ. 813–833) хаттотлик, қироат ва адабиётни ўрганган[6]. Иккиламчи манбаларда билимдонлиги ва одоб-ахлоқи учун унга „Кичик Маъмун“ лақаби берилган[6].

Муътасим халифа бўлгач, ўз ўғли ва меросхўри Восиқнинг бошқарув тажрибасига эга бўлиши учун қайғурган. Шундай қилиб, Восиқ 835-йилда, Муътасим Самаррада янги пойтахт қуриш учун шимолга кўчиб ўтгач, пойтахт Бағдод учун масъул бўлиб қолган[1][6]. Сўнгра Табарий маълумотида генерал Афшинни 838-йилда (ҳозирги Эронда) Бобак Хуррамдин қўзғолони бостирилгандаги ғалаба билан қайтиш чоғида тантанали кутиб олиш учун юборилгани[1], ўша йили Аморий юриши пайтида отасига ўринбосар сифатида пойтахтда қолгани ҳақида қайд этилган[6].

Кейин 841-йилда Восиқ шарманда бўлиб, қамоққа олинган Афшинга бир пиёла мева келтиргани ҳақида эслатиб ўтилган. Мева заҳарланган бўлишидан қўрққан Афшин уни қабул қилишдан бош тортган ва халифага хабар етказиш учун бошқа бировни сўраган[1]. Самаррада Восиқнинг қароргоҳи отасининг саройига яқин жойлашган ва у ҳукумат ишларида фаол бўлган[1]. Тарихчи Жон Тёрнер таъкидлаганидек, бу маълумотлар Восиқни „отасининг ишончли агенти ролида“ кўрсатади. Бу эса Восиққа ҳокимият жиловини ўз қўлига олиш учун қулай бўлган[1]. Бошқа томондан, Восиққа ҳеч қачон ҳарбий қўмондонлик вазифаси берилмаган ва ҳатто Аббосийларнинг ҳарбий амалиётидан четда қолиб, Аморий юришида ҳам қатнашмаган[1].

Ҳукмронлиги

Табарийнинг ёзишича, Восиқ ўрта бўйли, келишган ва бақувват бўлган. У қизғиш рангли бўлиб, олижаноб наслга алоқадор эди. Чап кўзи оқ доғ туфайли фалаж бўлиб қолган ва бу ҳолат унинг нигоҳини қатъий кўринишга келтирган[7]. 842-йил 5-январда Муътасим вафот этгач, Восиқ қаршиликсиз халифалик тахтига ўтирган[8][9]. Тўлиқ хазинага меросхўр бўлган янги халифа, айниқса, Бағдод ҳамда муқаддас Макка ва Мадина шаҳарларидаги оддий одамларга катта-катта хайр-эҳсонлар қилган[6]. Восиқ 842-йилда онаси Қаратисни укаси Жа’фар (бўлажак халифа Мутаваккил) ҳамроҳлигида ҳажга жўнатган. Қаратис 842-йил 16-августда йўлда, Ҳирада вафот этган ва Куфада дафн қилинган[10].

Ҳукмрон элита

Восиқнинг ҳукмронлиги қисқа ва Муътасим ҳукмронлигининг давоми бўлган. Чунки ҳукуматни Муътасим ҳокимият тепасига олиб келган шахслар: туркий ҳарбий қўмондонлар Итах, Восиф, Ашинас, вазир Муҳаммад ибн аз-Зайёт ҳамда бошқа қози (судя) Аҳмад ибн Абу Дуводлар бошқарган[8][11][12]. Бу одамлар шахсан Муътасимга содиқ бўлган, аммо Восиқ билан алоқада бўлмаган. Тёрнернинг фикрича, бу тор доира амалда „ҳокимият дастакларини ва шу тариқа халифанинг мустақиллигини ҳам назорат қилган“[13].

Халифа ва унинг энг қудратли қўмондони ўртасидаги иттифоқни мустаҳкамлашга қаратилган ҳаракатлар[13] доирасида Восиқ 843-йил июн/июл ойларида Ашинасга ҳукмронликни топшириб, шу муносабат билан унга Самаррадан бошлаб Ғарбий вилоятлар устидан кенг кўламли ҳукмронлик имконини берган. Бу эса ХВ асрда яшаган мисрлик олим ас-Суютий томонидан Мағриб қирол ҳокимияти (султон) халифа томонидан алоҳида субъэктга топширилган биринчи ҳолат эканлиги айтилган[14][15]. Ашинас 844-йилда вафот этганидан сўнг, Итах бош қўмондон ва ғарбий вилоятлар устидан ноиблик лавозимини эгаллади[16][17]. Янги халифа Самаррада ҳам кўплаб қурилиш ишлари билан шуғулланган. Бунда халифалик қароргоҳини шаҳарга айлантириш учун бозорлар ва шаҳар эҳтиёжларига мос келадиган янги порт барпо этилишига аҳамият берилган. Бу ҳаракатлар Самаррани нафақат ўз аҳолиси учун қулайроқ қилган, балки Аббосийлар элитаси ва Муътасим даврида янги пойтахтга кўчиб ўтишга мавжуб бўлган ҳарбийлар учун шаҳардаги мулкка сармоя киритишни иқтисодий жиҳатдан жозибадор ҳам қилган эди[18].

Бироқ, 843/44-йилларда халифа — гўёки вазир Ибн аз-Зайятнинг ташаббуси билан ёки Табарийнинг маълумотига кўра, Ҳорун ар-Рашид бошчилигида Бармакийлар қулатилиши каби марказий ҳукуматдаги бир қанча котибларни ҳибсга олиб, қийноққа солган ва туркий қўшинларга пул тўлаш учун маблағ йиғиш мақсадида уларга катта жарима солган[19]. Бу чора бир вақтнинг ўзида фуқаролик ва ҳарбий элиталар ўртасидаги низоларни йўқотиш[20] ёки Итах ва Ашинас каби етакчи туркий қўмондонлар кучини камайтиришга қаратилган бўлиши мумкин. Чунки ҳибсга олинган ва пул тўлашга мажбур бўлган котибларнинг аксарияти уларнинг хизматида бўлган[21].

Қўзғолонларни бостириш

Map of the Middle East, with the territory of the Abbasid Caliphate in green and the main cities and provinces shown
тах. 850-йилда Аббосийлар халифалиги ва провинсиялари

Муътасим ҳукмронлигининг сўнгги ойларида Фаластинда Мубарқа исмли шахс бошчилигида кенг кўламли қўзғолон кўтарилган эди. Муътасим қўзғолончиларга қарши кураш учун генерал Ража ибн Айюб ал-Ҳидарийни юборган[22][23]. Восиқ ҳокимият тепасига келгач, Ҳидарийни Дамашқ атрофидаги Қайсий қабилалари қўзғолонига бошчилик қилган Ибн Байҳасга қарши юборди[6][22]. Бу қўзғолоннинг Мубарқа қўзғолони билан алоқадорлиги бўйича маълумот мавжуд эмас[22]. Ҳидарий қабилалар ўртасидаги келишмовчиликдан фойдаланиб, тезда Ибн Байҳасни мағлуб этган, сўнг жанубга юриб, Рамла яқинида Мубарқа қўшинлари билан тўқнашган. Жанг ҳукумат армиясининг ҳал қилувчи ғалабаси бўлган. Мубарқа асир олиниб, Самаррага олиб келинган. Самаррада қамоққа ташланганидан кейин у ҳақда ҳеч қайси манбада эслатилмаган[6][22][24].

Восиқ тахтга келгач, Холид ибн Язид аш-Шайбонийни нотинч Арманистон вилоятига ноиб этиб тайинлаган. Катта қўшин бошлиғи бўлган Холид Кавакерт жангида маҳаллий мусулмон ва насроний шаҳзодалар қаршилигини бартараф этган. Кўп ўтмай Холид вафот этган. Унинг ўрнига тайинланган ўғли Муҳаммад аш-Шайбоний отасининг ишларини давом эттирган[6][25].

845-йил баҳорида яна бир қабила қўзғолон кўтарган. Маҳаллий қабила Бану Сулайм Мадина атрофида Бану Кинана ва Баҳила қабилалари билан тўқнаш келиши натижасида 845-йил феврал/март ойларида қонли тўқнашувлар бўлиб ўтган. Маҳаллий ноиб Солиҳ ибн Али уларга қарши мунтазам қўшинлар ҳамда Мадина фуқароларидан иборат қўшин юборди, аммо сулаймлар ғалаба қозониб, икки муқаддас шаҳар атрофини талон-тарож қилишга киришдилар. Натижада, май ойида Восиқ туркий лашкарбошиларидан бири Буға ал-Кабирга қўзғолонни бостиришни топширган. Буға шокирий, туркий ва мағариба қўриқчи бўлинмаларининг профессионал қўшинлари ҳамроҳлигида Сулаймни енгиб, таслим бўлишга мажбур қилган. Куз бошида Бану Ҳилолни ҳам бўйсунишга мажбур қилган[6][26]. Буға қўшинлари Мадинада жами 1300 га яқин асир олдилар. Асирлар қочишга ҳаракат қилишган, аммо мединияликлар бунга тўсқинлик қилишган ва асирларнинг аксарияти бу жараёнда ҳалок бўлган. Бу орада Буға фурсатдан фойдаланиб, минтақанинг бошқа бадавий қабилаларини қўрқитиб, Бану Фазара ва Бану Мурра қабилаларига қарши юриш қилган. Кўпчилик қабилалар бўйсунган, бошқалари Балқага қочиб кетишган. Кейин Буға Бану Килабни бўйсундириб, 846-йил май ойида улардан 1300 нафарга яқинини Мадинага асир қилиб олиб кетган[6][27].

845/6-йилларда Диёр Рабияда Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ат-Саълабий (ёки Муҳаммад ибн Амр) даврида кичик хорижийлар қўзғолони бўлиб ўтган, аммо Мосул ҳокими осонликча бостирган[6][28]. Худди шу йили генерал Восиф Исфаҳон, Жибал ва Форсдаги нотинч курд қабилаларини бостирган[6][29].

Восиқ 846-йил сентябрида Ямамадаги Бану Нумайр қабилаларининг вайронагарчиликларини тўхтатиш учун Буға ал-Кабирни юборган. 847-йил 4-февралда Буға Батн ас-Сиррнинг суғориладиган ерида 3000 нафарга яқин нумайрийларга қарши катта жанг олиб борган. Аввалига Буға қўшини кучли босимга учраб, деярли парчаланиб кетган. Кейин Нумайрийларнинг отлиқларига қарши жўнатилган бир қанча қўшинлар қайтиб келиб, Буғага ҳужум қилган қўшинларга қарши жангда уларни бутунлай тор-мор қилган. Бир манбага кўра, 1500 тагача Нумайрийлар ўлдирилган. Буға бир неча ой давомида минтақани тинчлантириш, бўйсунганлар учун хавфсиз ҳаракатланиш варақалари тарқатиш ва қолганларни таъқиб қилиш билан шуғуллангач, 847-йил июн/июл ойларида Басрага қайтиб келган. Ўзи билан турли қабилалардан бўлган 2200 нафардан ортиқ бадавийларни асир қилиб олиб келган[6][30].

Мўтазилизм ва Хузоийнинг муваффақияциз давлат тўнтариши

Map of the Middle East with brief descriptions of events associated with the mihna
Мўтазила миҳнаси ва у билан боғлиқ воқеалар харитаси.

Восиқ отаси каби ашаддий мўтазила тарафдори бўлган. Манбаларда халифа бош қози Ибн Абу Дуводнинг кучли таъсирида бўлгани айтилган[31]. Шунингдек, отаси каби Алийлар билан яхши муносабатда бўлган[3][20]. Восиқ халифалигининг учинчи йилида инквизицияни (миҳна) қайта жонлантириб, амалдорларни Қуръоннинг яратилгани ҳақидаги баҳсли мавзу бўйича сўроқ қилиш учун ҳуқуқшуносларни жалб қилган[32]. Восиқ мўтазилийларнинг Қуръон илоҳий эмас, балки яратилгани ҳақидаги қарашларини қўллаб-қувватлади. Шунинг учун ўзгарувчан шароитларга кўра талқин қилиш Худо томонидан бошқариладиган имом (яъни халифа) ваколатини қабул қилди[33]. Ҳатто 845-йилда Византия империяси билан бўлиб ўтган маҳбуслар алмашинуви пайтида ҳам, озод қилинган мусулмон маҳбусларнинг мавзу бўйича фикрлари сўралган, қониқарсиз жавоб берганлар эса асирликда қолдирилган[32][34]. Шу тариқа мўтазила таълимотига қарши чиққан ҳанбалий фиқҳ мазҳаби асосчиси Аҳмад ибн Ҳанбал ўз таълимотини тўхтатишга мажбур бўлиб, фақат Восиқ вафотидан сўнггина фаолиятини қайта бошлаган[32].

846-йилда Аббосийлар инқилобининг асл миссионерларидан бирининг авлоди бўлган таниқли шахс Аҳмад ибн Наср ибн Молик ал-Хузоий Бағдодда Восиқни, унинг туркий қўмондонларини ағдариш ва мўтазила таълимотини бартараф этиш учун фитна уюштирди[35][36]. Унинг тарафдорлари одамларга пул тарқатишган ва қўзғолон санаси 846-йил 4-апрелдан 5-апрелга ўтар кечасига белгиланган. Бироқ, Табарийнинг маълумотларига кўра, қўзғалиш ишораси сифатида ноғора чалиши керак бўлганлар маст бўлиб, бир кун олдин ноғорани қилишган ва бунга ҳеч қандай жавоб бўлмаган[36][37]. Хатиб ал-Бағдодийнинг хабарига кўра эса бир хабарчи фитна ҳақида расмийларни огоҳлантирган[35]. Шаҳар ноиби бўлган Исъҳоқ шаҳарда йўқлигида ноиблик қилиб турган шаҳар ҳокими ўринбосари Муҳаммад ибн Иброҳим воқеа ҳақида суриштириб, фитна фош бўлган. Ал-Хузоий ва унинг тарафдорлари ҳибсга олиниб, Самаррада Восиқ ҳузурига келтирилган[38].

Халифа ал-Хузоийни очиқчасига сўроқ қилган. Бироқ, сўроқ давомида исён ҳақида эмас, кўпроқ Қуръоннинг яратилгани ҳақидаги жиддий илоҳиёт масаласида саволлар берилган. Аҳмаднинг жавоблари Восиқни шунчалик ғазаблантирганки, халифа исломгача бўлган даврнинг машҳур қиличи ас-Самсамани олиб, турклар Буға аш-Шарабий ва Симо ад-Димашқий билан биргалик Аҳмадни қатл қилишда шахсан иштирок этган. Аҳмаднинг жасади Бағдоддаги Бобак гиббети ёнида оммага намойиш қилинган, унинг йигирма нафар тарафдорлари эса қамоққа ташланган[39][40][41].

Ўша йили Самаррадаги давлат хазинасида (байтулмол) ўғрилик содир бўлди. Ўғрилар кирганда хазинада 42 000 кумуш дирҳам ва оз миқдордаги тилла динор мавжуд бўлган. Соҳиб аш-шурта (қўриқлаш хизмати бошлиғи) ва Итахнинг хизматчиси Язид ал-Ҳулваний ўғриларни та’қиб қилиб, тутиб олган[42]. Тёрнернинг таъкидлашича, бу ҳолат кейинги ўн йилликларда юзага келиши мумкин бўлган инқироз ҳақида далил бўлиши. Яъни, ҳатто бош саройда ҳам хавфсизлик суст даражада эди ва ўғриларнинг ўлжасига асосланганда ўша пайтда хазина деярли бўш бўлиши мумкин[43].

Византия империяси билан уруш

Geophysical map of 9th-century Anatolia, with provinces, main settlements and roads
Византия Кичик Осиёси ва Араб—Византия чегара ҳудуди харитаси. тах. 842-йил

838-йилда Муътасим Аббосийлар халифалигининг азалий душмани Византия империяси устидан машҳур Аморион юриши билан йирик ғалабага эришган[44]. Бу муваффақият узоқ давом этмаган ва кейинги урушлар одатдаги кичик юришлар ва чегара бўйлаб босқинларга айланиб қолган. Византия манбаларига кўра, Муътасим 842-йил, вафот этган вақтда яна бир кенг кўламли босқинга тайёргарлик кўраётган эди. Бироқ, халифа Константинополга ҳужум қилиш учун тайёрлаган буюк флот бир неча ойдан сўнг Челидония бурнидаги бўронда вайрон бўлган[45]. Бу воқеа ҳақида мусулмон манбаларида маълумот берилмаган[32].

Муътасим вафотидан сўнг, Византия регенти Феоктист Аббосийлар вассали бўлган Крит амирлигини қайта эгаллашга ҳаракат қилди, аммо бу юриш фалокат билан якунланган[46]. 844-йилда чегарадаги Қалиқала ва Тарсус амирликларидан Абу Саид ва эҳтимол Малатя амири Умар ал-Ақта бошчилигидаги қўшин Византия Кичик Осиёсига бостириб кириб, Босфор бўғози қирғоқларигача етиб борган. Кейин мусулмонлар Мауропотамос жангида Феоктистни мағлуб этишган. Бу ғалабага юқори мартабали Византия зобитларининг жанг майдонидан қочиб кетишгани ёрдам берган[47]. Тахминан шу вақтда Византияда бидъатчи сифатида таъқиб қилинган Пауликияликлар ўз етакчилари Карбеас бошчилигида араблар томонга ўтиб кетишган. Улар Аббосий—Византия чегарасида, маркази Тефрике қалъасида жойлашган кичик бир князликка асос солган. Шундан сўнг арабларнинг Византия ҳудудига ҳужумларида иштирок эта бошлашган[48][49].

845-йилда Византия элчилари маҳбусларни алмашиш бўйича музокаралар олиб бориш учун халифалик саройига келган. Алмашув ўша йилнинг сентябр ойида Язаман ал-Хадим ҳомийлигида бўлиб ўтиб, 3500—4600 нафар мусулмонлар озод қилинган[50][51]. Бироқ, ўша йилнинг март ойида Аморионда асирга олинган 42 зобит Исломни қабул қилишдан бош тортгач, кейин Самаррада қатл этилган эди[52][53]. Айирбошлаш учун тузилган сулҳ муддати тугагач, Аббосийларнинг Тарсусдаги ноиби Аҳмад ибн Саид ибн Салм 7000 киши билан қишки босқинга бошчилик қилган. Бу юриш ҳалокатли тарзда муваффақияцизликка учради. 500 киши совуқ ёки чўкиб кетиш натижасида ўлган ва 200 киши асирга тушган[54][55]. Шундан сўнг араб—Византия чегарасида олти йил давомида тинчлик кузатилган[55]. Фақат ғарбда Аббосийларнинг Ағлобий вассаллари Византия Сицилиясини аста-секин босиб олишни давом эттириб, Мессина (842/43), Модика (845) ва Лентинини (846) қўлга киритди[56]. 845/46-йилда Ағлобийлар Италиянинг Неапол шаҳри яқинидаги Мисенони эгаллаб олиб, кейинги йили уларнинг кемалари Тибр дарёсида пайдо бўлган ҳамда Рим атрофига бостириб кирган[57].

Ўлими ва ворислик масаласи

Parchment with Persianate miniatures with Persian writing
Халифа Восиқнинг ўлими. Тарихи Алфидан Бобурийлар миниатюраси (1594)

Восиқ 847-йил 10-августда[32] шиш туфайли, эҳтимол, жигар шикастланиши ёки диабет туфайли, даволаниш учун печда ўтирганда вафот этган[40][58]. Ўша вақтда унинг ёши 32, 34 ёки 36 бўлиб, исломий йил ҳисобида турлича берилган[3]. У Самаррадаги ўзи қурдирган[13] Ҳоруний саройига дафн этилган[32].

Восиқ кутилмаганда вафот этгани сабабли меросхўрлик масаласи очиқ қолган[40]. Халифа даврига яқин замондош тарихчи Яъқубий ҳеч бўлмаганда меросхўрнинг исми айтилгани ва унга содиқлик қасамёди қабул қилингани ҳақида маълумот берган[59]. Бинобарин, етакчи амалдорлар, вазир Ибн аз-Зайят, бош қози Аҳмад ибн Аби Дувод, туркий саркардалар Итах ва Восиф ҳамда яна бир қанча кишилар халифаликка ворисни аниқлаш учун йиғилишган. Ибн аз-Зайят дастлаб Восиқнинг ўғли Муҳаммад (бўлажак халифа Муҳтадий) номзодини таклиф қилган, лекин ёшлиги туфайли қабул қилинмай, ўрнига кенгаш Восиқнинг 26 ёшли ўгай укаси Жа’фарни танлагач, у Мутаваккил номи билан халифа бўлган[60][61].

Бу танловни тарихчилар кучсиз ва мулойим ҳукмдорни тахтга чиқариш учун фитна бўлган деб ҳисоблашади. Айни пайтда Восиқ давридаги каби амалдорлар кабинети ишлашни давом эттирган[59][62]. Уларнинг нўноқлиги тезда исботланди. Мутаваккил тезда Ибн аз-Зайят ва Итахни йўқ қилишга ва ўз ҳокимиятини мустаҳкамлашга ҳаракат қилган[63].

Сиёсий баҳо ва мероси

Восиқ муқаддас Макка ва Мадина шаҳарларининг камбағалларига сахийлик қилгани[3] ва денгиз савдоси учун солиқларни камайтиргани ҳақида хабар берилган[32]. Шунча қилганига қарамай, халифа ҳеч қандай машҳурликка эришмаганга ўхшайди[3]. Унинг фе’л-атвори ҳақидаги маълумотлар халифанинг беозорлик ва сарой ҳаёти завқ-шавқларига берилиб кетган[32], маст бўлиб, ухлаб қоладиган даражада эканлигини кўрсатади[64]. Восиқ моҳир шоир эди. Унинг бошқа Аббосий халифаларга нисбатан кўпроқ шеърлари сақланиб қолган. Шунингдек, моҳир бастакор бўлиб, удни яхши чала олган[32]. Шунингдек, халифа шоир, хонанда ва созандаларга ҳомийлик қилиб, уларни саройга таклиф қилган[32]. Созанда Исъҳоқ ал-Мавсилий, қўшиқчи Мухариқ ва ал-Холи (сўзма-сўз таржимаси — „Бузуқ“) тахаллуси билан машҳур шоир Даҳҳок ал-Баҳилийга алоҳида меҳр кўрсатган[3][32].

Ушбу тасаввурлардан фарқли ўлароқ, 10-аср тарихчиси Масъудий Восиқни „илмий ўрганишга қизиқувчан ва табиблар ўртасида баҳслар уюштирадиган“ сифатида тасвирлаган[1]. Унинг ҳукмронлиги даврида юнон-арабча таржима ҳаракати гуллаб-яшнашда давом этган. Манбалар Восиқнинг ўзига хос „интеллектуал қизиқишини“ кўрсатадиган баъзи маълумотлар, айниқса унинг диний маълумотларини ёқиб юбориши мумкин бўлган муаммолар ҳақида айтиб ўтган. Халифа „Зулқарнайн девори“ бузилганини тушида кўрган ва расмий кансер Саллам ат-Таржуманни минтақага сафарга жўнатган. Бу воқеа Ўрта Осиёдаги туркий кўчманчилар орасида аҳолининг катта силжишига сабаб бўлган қирғиз туркларининг ҳаракатлари ҳақидаги хабарлар натижаси бўлиши мумкин. Худди шундай, Ибн Ҳурдодбеҳнинг ёзишича, халифа астроном ал-Хоразмийни Эфеснинг етти уйқучиси ҳақидаги афсонани ўрганиш учун Византияга юборган[3][65].

Восиқ манбаларда кам маълумот берилган Аббосий халифаларидан бири ҳисобланади. Тарихчи Хю Кеннедининг та’кидлашича, „даврнинг бошқа ҳеч бир халифаси ўз даври тарихида бунчалик кам из қолдирмаган ва унинг шахсияти ҳақида аниқ таассурот ҳосил қилиб бўлмайди“[66]. Ислом энциклопедиясида эса „Восиқ буюк ҳукмдорга хос совғалар улашмас эди ва қисқа ҳукмронлиги ажойиб воқеалар билан ажралиб турмаган“, дея маълумот берилган[3]. Халифанинг ноаниқ экани Уилям Бекфордга ўзининг 18-асрдаги классик готик фантастик романи Ватекда Восиқнинг ўта бадиийлаштирилган талқинини тақдим этиш имконини берган. Мазкур асар ҳақида Кеннеди „Иблис/Шайтоннинг ўзи қўриқлаган қадимий ҳукмдорларнинг йўқолган хазинасини излаш, шафқацизлик, тарқатиш ва топиш ҳақидаги фантастик эртак“ деб таърифлаган[8].

Оиласи

Восиқнинг бир нечта канизаклари бўлган. Улардан энг машҳури Умму Муҳаммад номи билан машҳур Қурб бўлган. 833-йилда у Восиқнинг катта ўғли Муҳаммад, бўлажак халифа Муҳтадийни дунёга келтирган[67]. Яна бир маълум ва машҳур канизак Фарида эди. У мусиқачи бўлиб, Восиқнинг севимлиси бўлган. Восиқ вафот этгач, хонанда Амр ибн Банаҳ ушбу канизакни халифа Мутаваккилга тақдим этган. Халифа унга уйланган ва севимли канизакларидан бирига айланган[68].

Манбалар

  1. ↑ 1,0 1,1 1,2 1,3 1,4 1,5 1,6 1,7 1,8 Турнер 2013, с. 219.
  2. ↑ Краэмер 1989, сс. 52–53.
  3. ↑ 3,0 3,1 3,2 3,3 3,4 3,5 3,6 3,7 Зеттерстéэн, Босwортҳ & ван Донзел 2002, с. 178.
  4. ↑ Краэмер 1989, с. 53.
  5. ↑ Кеннедй 2004, сс. 156–157.
  6. ↑ 6,00 6,01 6,02 6,03 6,04 6,05 6,06 6,07 6,08 6,09 6,10 6,11 6,12 Кан 2012, с. 548.
  7. ↑ Краэмер 1989, с. 52 (эсп. ноте 195).
  8. ↑ 8,0 8,1 8,2 Кеннедй 2006, с. 231.
  9. ↑ Турнер 2013, с. 220.
  10. ↑ Краэмер 1989, с. 4.
  11. ↑ Кан 2012, сс. 548–549.
  12. ↑ Турнер 2013, сс. 220–221.
  13. ↑ 13,0 13,1 13,2 Турнер 2013, с. 221.
  14. ↑ Гордон 2001, с. 79.
  15. ↑ Краэмер 1989, с. 5.
  16. ↑ Кеннедй 2004, с. 159.
  17. ↑ Гордон 2001, сс. 18, 79.
  18. ↑ Турнер 2013, сс. 221–222.
  19. ↑ Краэмер 1989, сс. хии, 8–16.
  20. ↑ 20,0 20,1 Турнер 2013, с. 222.
  21. ↑ Краэмер 1989, с. хии.
  22. ↑ 22,0 22,1 22,2 22,3 Эисенстеин 1993, с. 279.
  23. ↑ Босwортҳ 1991, сс. 203–206.
  24. ↑ Босwортҳ 1991, сс. 204–206.
  25. ↑ Тер-Гҳеwондян 1976, сс. 27, 39–40.
  26. ↑ Краэмер 1989, сс. 17–21.
  27. ↑ Краэмер 1989, сс. 22–26.
  28. ↑ Краэмер 1989, с. 37.
  29. ↑ Краэмер 1989, сс. 37–38.
  30. ↑ Краэмер 1989, сс. 45–51.
  31. ↑ Краэмер 1989, с. 28 (ноте 94).
  32. ↑ 32,00 32,01 32,02 32,03 32,04 32,05 32,06 32,07 32,08 32,09 32,10 Кан 2012, с. 549.
  33. ↑ Кеннедй 2004, сс. 161–162.
  34. ↑ Краэмер 1989, сс. 39–40.
  35. ↑ 35,0 35,1 Турнер 2013, с. 224.
  36. ↑ 36,0 36,1 Кеннедй 2006, сс. 231–232.
  37. ↑ Краэмер 1989, сс. 26–29.
  38. ↑ Краэмер 1989, сс. 29–31.
  39. ↑ Краэмер 1989, сс. 31–35.
  40. ↑ 40,0 40,1 40,2 Кеннедй 2006, с. 232.
  41. ↑ Турнер 2013, сс. 224–228.
  42. ↑ Краэмер 1989, сс. 36–37.
  43. ↑ Турнер 2013, с. 225 (ноте 57).
  44. ↑ Василиэв 1935, сс. 137–173.
  45. ↑ Василиэв 1935, сс. 175–176, 192–193.
  46. ↑ Василиэв 1935, сс. 194–195.
  47. ↑ Василиэв 1935, сс. 195–198, 399–404.
  48. ↑ ПмбЗ, ал-Wāṯиқ (#8593).
  49. ↑ Василиэв 1935, сс. 230–233.
  50. ↑ Краэмер 1989, сс. 22, 39–43.
  51. ↑ Василиэв 1935, сс. 198–204.
  52. ↑ Турнер 2013, с. 223.
  53. ↑ ПмбЗ, Анонйми (42) (#10542); ал-Wāṯиқ (#8593).
  54. ↑ Краэмер 1989, сс. 43–44.
  55. ↑ 55,0 55,1 Василиэв 1935, с. 204.
  56. ↑ Василиэв 1935, сс. 204–207.
  57. ↑ Василиэв 1935, сс. 210–211.
  58. ↑ Турнер 2013, сс. 228–229.
  59. ↑ 59,0 59,1 Турнер 2013, с. 229.
  60. ↑ Кеннедй 2006, сс. 232–233.
  61. ↑ Краэмер 1989, с. 68.
  62. ↑ Кеннедй 2006, с. 234.
  63. ↑ Кеннедй 2006, сс. 234–239.
  64. ↑ Турнер 2013, сс. 219–220.
  65. ↑ Турнер 2013, сс. 222–223.
  66. ↑ Кеннедй 2004, с. 166.
  67. ↑ Кеннедй 2006, с. 173.
  68. ↑ Ибн ал-Сāʿī 2017, с. 53.

Адабиётлар

Восиқ
Таваллуди: 812 Вафоти: 847
Суннийлик унвонлари
Олдингиси Аббосийлар халифалиги халифаси
842-йил 5-январ — 847-йил 10-август
Кейингиси