Врач (рус.) — олий маълумотли тиббиёт ходими; оғзаки нутқда "доктор" (лот.) В. маъносини англатади (маҳаллий талаффузда "дўхтир" дейилади). В. фаолияти беморларни даволаш ва касалликларнинг олдини олиш чораларини кўришдан иборат. В. шифокор бурчи ҳақидаги тушунчани ҳам ўз ичига оладиган врачлик этикаси (қаранг Тиббиёт деонтологияси)т& амал қилади. Биринчи шошилинч тиббий ёрдам бериш — В. бурчларидан биридир. В.лар бир нечта мутахассисликларга ажратилади: бакалавр, умумамалиёт шифокори, магистр, соғлиқни сақлаш ташкилотчилари, терапевтлар (ички касалликлар бўйича), педиатрлар (болалар касалликлари бўйича), неонатологлар (янги туғилган чақалоқларга қарайдиган), жаррохлар, санитария В.лари, акушер-гинекологлар (аёллар касалликлари бўйича), невропатологлар (нерв касалликлари бўйича), психиатрлар (руҳий касалликлар бўйича), дерматовенерологлар (тери ва таносил касалликлари бўйича), стоматологлар (тиш ва оғиз бўшлиғи касалликлари бўйича), оториноларингологлар (қулоқ, томоқ ва бурун касалликлари бўйича), ортопедтравматологлар (туғма ва орттирилган шикастликлар бўйича), онкологлар (ўсма касалликлари бўйича), гематологлар (қон касалликлари бўйича), трансфузиологлар (қон хизмати бўйича), урологлар (сийдик ажратиш тизими касалликлари бўйича), инфексионистлар (юқумли касалликлар бўйича) ва ҳоказо В.нинг асосий вазифаси инсон соғлиғини сақлашдир; бу Ўзбекистон врачининг қасамёдида баён этилган. Ўзбекистонда 1- ва 2-Тошкент, Самарқанд, Андижон, Бухоро тиббиёт институтлари, Тошкент тиббиёт педиатрия институти ҳамда Урганч, Нукус, Фарғона унтларининг тиббиёт факултетлари В.лар етказиб беради. В.ларни ихтисослаштириш ва малакасини ошириш мақсадида улар махсус институт (Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ва б.) ва чет элларга юбориб турилади. Амалий фаолияти ва меҳнат стажига кўра олий, биринчи ва иккинчи тоифали В.лар бўлади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил