Вулқон тоғ жинслари, вулканитлар — вулқонларнинг отилишидан пайдо бўлган тоғ жинслари. Отилиши тарзига кўра, вулқон тоғ жинслари 2 хилга бўлинади: эффузив ва вулканоген-бўлакли жинслар. Эффузив вулқон тоғ жинслари лаванинг ер юзига оқиб чиқиб қотишидан ҳосил бўлади (базалтлар, андезитлар, диабазлар, вулқон шишаси ва б.). Вулканоген- бўлакли жинслар вулқоннинг портлаб отилишидан вужудга келади. Булар иккига бўлинади: бўш (вулқон кули, қуми ва б.) ва зичлашган, сементлашган (вулқон туфлари, туф брекчиялари ва б.). Эффузив жинсларнинг шакли лаванинг ёпишқоқлиги ва вулқон областлари релефига боғлиқ. Кам ёпишқоқ базалт лавалари қоплам ва оқимлар ҳосил қилади. Оқиб чиққан ёпишқоқ лавалардан гумбаз ва игнасимон шакллар ҳосил бўлади. Каналлардан оқиб чиқувчи лава қотиб, дайка ва некклар таркиб топади. Вулқон тоғ жинслари қадимий ва замонавий вулқон областларида кўп тарқалган. Ўзбекистонда қадимги вулқон тоғ жинслари Қурама, Чатқол, Ҳисор ва Ўзбекистоннинг ғарбидаги тоғларда мавжуд. Вулқон тоғ жинслари билан олтин (Қўшбулоқ) полиметалл ва бошқа рудали конлар боғлиқ. Вулқон тоғ жинслари қурилиш, абразив материали сифатида ҳам кўп ишлатилади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил