Хамир

Хамир (арабча: خمير — хамиртуруш солинган нон) — одатда унни сув, ёғ, тухум ёки сутга қоришдан ҳосил бўладиган юмшоқ чўзилувчан қоришма, яримфабрикат[1].

Тайёрланиши

Турли таомлар, нон, қандолатчилик, макарон маҳсулотлари ва ширинликлар тайёрлашда ишлатилади. Мўлжалланган маҳсулотга қараб турли хамирлар тайёрланади.

Оддий ошхамир

Оддий ошхамир — тоғорачага эланган ун солиниб, олдиндан тайёрланган намакобдан оз-оздан қўшиб хамир қорилади, яхшилаб пишитиб ийланади. Тайёр хамирни тиндириш учун зувала қилиб, 10-15 дақиқа ўраб қўйилади; сомса, чучвара, угра, норин, лағмон ва бошқа таомлар тайёрлаш учун юпқа қилиб ёйилади. Бундай хамирни тайёрлаш учун 1 кг унга 2 стакан илиқ сув, 2 чой қошиқ туз солинади.

Оширма хамир

Оширма ёки хамиртурушли нон хамир тоғорачадаги сувга туз ва хамиртуруш солиб эритилгач, мўлжалдаги ун солинади ва оз-оздан сув қўшиб хамир қорилади. Тайёр хамир усти қалинроқ нарса билан ёпилиб, ошириш учун бир соатга иссиқроқ жойга қўйилади. Хамирнинг ошганлиги кўпчиши ва орасида майда ғовакчалар пайдо бўлганлигидан билинади. Оширма хамир тайёрлаш учун 1 кг унга 2 чой қошиғида туз, 2 стакан илиқ сув, 25-30 г хамиртуруш керак бўлади. Оширма хамирдан, асосан, нонлар, айрим сомсалар тайёрланади. Оширма хамир тайёрлашда бир қўл билан масаллиқлар солинади, иккинчиси билан тўхтатмай аралаштириб турилади. Хамирнинг кўтарилиши ана шу жараёнга боғлиқ. Сутнинг ҳароратига ҳам аҳамият бериш лозим, чунки иссиқ сутда хамир яхши кўтарилмайди[2].

Хамиртурушли (ёки ачиқили)[3]

Хамиртурушли сут, ёғ ва тухум қўшиладиган хамирдан турли булочкалар, пироглар, рулетлар тайёрланади. Бундай хамирни тайёрлашда барча масаллиқлар (ун, сут, ёғ, туз, шакар, тухум, хамиртуруш ва б.) бирданига қўшиб қорилади. Хамирни тоғоранинг ўзида иссиқ қилиб ўраб ошириш учун олиб қўйилади. Бундай хамир учун 1 кг унга 35-40 г хамиртуруш, 2 стакан илиқ сут (ёки 1 стакан сут билан 1 стакан широбча ёки 1 стакан сут, 200 г сариёғ) керак бўлади. Агар тухумнинг ўзида қориладиган бўлса, 5-6 дона тухум, 2 чой қошиғида туз, 3-4 ош қошиғида шакар қўшилади. Айрим ҳолларда хамиртуруш ўрнига қатиқ ёки сметана қўшиш мумкин.

Хамиртурушсиз хамир (қуруқ грожали)[3]

Хамиртурушсиз сут, ёғ ва тухум қўшиладиган хамир турли нонлар, патир, ўрама, зангза, чакчак, бўғирсоқ каби пишириқлар тайёрлашда ишлатилади. Бундай хамирни тайёрлаш учун 1 кг ун, 2 стакан сут ёки широбча, 1 ош қошиғида сариёғ ёки эритилган қўй ёғи, 1 дона тухум ва 1 чой қошиғида туз керак бўлади. Агар хамир фақат тухумнинг ўзида қориладиган бўлса, 1 кг унга 4-5 дона тухум керак бўлади.

Манбалар

  1. ↑ „Хх“, Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2023 — 964-бет. 
  2. ↑ „Оширма хамир тайёрлашда“ (14-ноябр 2017-йил). 2024-йил 14-мартда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 14-март 2024-йил.
  3. ↑ 3,0 3,1 Хабардор. „Уй бекалари учун: Оширма хамир тайёрлаш сирлари“ (23-апрел 2020-йил). Қаралди: 14-март 2024-йил.