Xamsa
Бу мақола викилаштирилиши керак. |

Хамса ёзишни озарбайжонлик улуғ шоир Низомий Ганжавий бошлаб берган. У 1170–1204-йиллар оралиғида бирин-кетин 5 та достон яратди. Бу достонлар шоирнинг вафотидан кейин яхлит бир тўплам ҳолига келтирилиб „Панж ганж“ („Беш хазина“) деб номланди ва кейинчалик „Хамса“ номи билан машҳур бўлди.
Низомий бешлигидаги биринчи дотон „Махзан ул-асрор“ („Сирлар хазинаси“) 1180-йил ғазнавийлар ҳукмдори Баҳромшоҳга бағишлаб ёзилган. „Махзан ул-асрор“ фалсафий-ахлоқий масалаларга бағишланган бўлиб, 18 боб, муқаддима ва хотимадан иборат.
Низомий „Хамса“сининг иккинчи достони „Хусрав ва Ширин“ тахминан 1181-йилда ёзиб тугалланган. Бу достон салжуқий ҳукмдор Тўғрул ИИ топшириғи билан ёзилган.
Низомий „Хамса“сидаги учинчи достон „Лайли ва Мажнун“ 1188–1189-йилларда Ширвоншоҳ Ахситан ибн Манучеҳр топшириғига кўра яратилади.
Низомий бешлигидаги тўртинчи достон „Ҳафт пайкар“ („Еттигўзал“) 1197-йилда ёзиб тугалланади. Достон 4600 байт (1 байт 2 қаторга тенг)дан иборат бўлиб, ҳукмдор Алоуддин Кўрпа Арслон (1174–1207) топшириғи билан яратилган.
Низомий бешлигидаги сўнгги — бешинчи достон „Искандарнома“ деб аталиб, икки қисм: „Шарафнома“ ва „Иқболнома“дан иборат. Достон ҳажман 10500 байт бўлиб, 1197–1204-йиллар оралиғида ёзилган. Достон учун Шарқ адабиётида кенг тарқалган Искандар Зулқарнайн тимсоли бош қаҳрамон сифатида олинган. „Шарафнома“да Искандарнинг ҳарбий юришлари ва жаҳонгирлиги тасвирланса, „Иқболнома“да Искандар донишмандлиги билан намоён бўлади.
Хусрав Деҳлавий „Хамса“си
Низомий бешлиги яратилгандан кейин орадан бир аср вақт ўтиб, Хусрав Деҳлавий (1253–1325) унга жавоб ёзди ва шу билан хамсанавислик анъанасини бошлаб берди. Унинг 1299–1302-йилларда ёзилиб, Алоуддин Хилжийга бағишланган „Хамса“си қуйидаги достонлардан иборат
- „Матлаъ ул-анвор“ („Нурларнинг чиқиш жойи“)
- „Ширин ва Хусрав“
- „Лайли ва Мажнун“
- „Ойинаи Искандарий“ („Искандар кўзгуси“)
- „Ҳашт беҳишт“ („Саккиз жаннат“)
Хусрав Деҳлавий Низомий достонларининг шакли ва сюжети, образлар тизимини асосан сақлаган ҳолда, уларни ўзига хос талқин этди ва янги мазмун билан бойитди.
„Хамса“ ёзиш шартлари
Шу тариқа Хамсанавислик анъанаси пайдо бўлди ва „Хамса“ ёзиш шартлари белгиланди. Улар қуйидагилар:
- 5 та достондан ташкил топиши
- Биринчи достон панд-насиҳат руҳидаги тарбиявий-ахлоқий масалаларга бағишланиши
- Иккинчи достон Хусрав ва Ширин можароларига аталиши
- Учинчи достон Лайли ва Мажнун муҳаббатини асос қилиб олиши.
- Тўртинчи достон Баҳромшоҳга бағишланиши
- Бешинчи достон Искандар ҳақида ёзилиши шарт
Абдураҳмон Жомий „Хамса“си
Деҳлавийдан қарийб 200 йил кейин икки буюк хамсанавис — Жомий ва Навоий майдонга чиқди. Жомий аввал қуйидаги беш асарни ёзди:
- „Туҳфат ул-аҳрор“ („Эркинлар туҳфаси“)
- „Сабҳат ул-аброр“ („Яхшилар тасбиҳи“)
- „Юсуф ва Зулайҳо“
- „Лайли ва Мажнун“
- „Хирадномайи Искандарий“
Бу беш асарни 1485-йили ёзиб тугаллади. Кейин „Силсилат уз-заҳаб“, „Саломон ва Абсол“ асарларини қўшиб, „Хамса“сини етти достонга етказди ва „Ҳафт авранг“ („Етти тахт“) деб атади. Лекин Жомий „Хамса“сини „Хамса“ деб тан олиш ёки олмаслик тўғрисида турли фикрлар мавжуд. Чунки унинг бу асари 7 достондан иборат, Хусрав ва Ширин можароларига ҳамда Баҳромшоҳга бағишланган достон ёзмаган.
Алишер Навоий „Хамса“си
Алишер Навоий „Хамса“сининг юқоридаги достонлардан биринчи фарқли жиҳати туркий тилда ёзилганидир. Навоий „Хамса“си
- „Ҳайрат ул-аброр“ („Яхши кишиларнинг ҳайратланиши“)
- „Фарҳод ва Ширин“
- „Лайли ва Мажнун“
- „Сабъаи сайёр“
- „Садди Искандарий“
достонларидан иборат бўлиб, 1483–1485-йилларда ёзилган.
Манбалар
Адабиётлар
- Шуҳрат Сирожиддинов,Дилнавоз Юсупова,Олимжон Давлатов. Навоийшунослик.-Т.: Тамаддун,2018.
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |