Хинган — Узоқ Шарқдаги тоғ системаси, асосан, Хитойнинг шимоли-шарқий қисми ва қисман Хабаровск ўлкасида. Хинган 2 кием: Катта Х. ва Кичик Х. тоғларига бўлинади. 1) Катта Хинган тоғлари, аксари қисми Ички Монголия ҳудудида бўлиб, Марказий ва Шарқий Осиё ўртасидаги шартли табиий чегара вазифасини ўтайди. Шимоли-шарқдан жануби-ғарбга 1200 км га чўзилган. Энг баланд жойи 1949 м. Асосан, гранит ва бошқа вулкан жинсларидан тузилган. Чўққилари ясси, ён бағирлари ётиқ. Шимолида тайга ўрмонлари, кўп йиллик тўнг ерлар бор. Жанубий кенг баргли ўрмонлар, ўрмондашт ва даштлардан иборат. Ёғоч тайёрланади, мўйнали ҳайвонлар овланади; 2) Кичик Хинган тоглари — Хабаровск ўлкаси ва Хитойнинг шимоли-шарқида. Узунлиги 500 км, энг баланд жойи 1150 м. Гнейс, гранит, кристалли сланец, базалт жинслардан тузилган. Чўққилари ясси, ён бағирлари ётиқ, тошлоқли. Ғарбида вулканлар гуруҳи бор. Тоғ ўрмонлари билан қопланган.