Romitaniy Xoja Ali
Бухоро етти пирнинг тўртинчиси, Маҳмуд Анжир Фағнавий давомчиси
Ромитаний Хожа Али | |
|---|---|
| Шахсий маълумотлар | |
| Дини | Ислом |
| Танилган соҳаси | Сўфий |
Ҳаёти
Хожагон силсиласининг тўртинчи пири, «Ҳазрат Азизон» ва «Хожаи Азизон» унвонлари билан машҳур бўлган Хожа Али Ромитаний 591/1195 – 621/1224-йиллар оралиғида Бухоро атрофидаги қишлоқлардан бири бўлмиш Ромитанда таваллуд топган.
Хожа Али Ромитаний ўз даврида инсонларни илму маърифат, саҳийлик, одамийлик, адолат ва меҳр-муҳаббатга чақирган, ҳалол луқма топиш, бировга юк бўлмаслик, етим-есирлар бошини силашга ташвиқ этган. Мутасаввиф олимлар таъбирича, орифларнинг асли сувдан, улар маърифат аҳлидандирлар. Сувнинг ўзи тоза ва пок, ҳам покловчи бўлганидек, орифлар ҳам сув каби покиза ва покловчидирлар. Улар ҳам ўзларини, ҳам бошқаларни поклайдилар.
Ўз қишлоғи Ромитанда ўсиб-улғайган Хожа Али тўқимачилик, яъни мато тўқиш касбини ўрганиб, умрининг охиригача шу касб билан тирикчилик ўтказади. Шу аснода сўфийлик йўлига киради, Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавийга мурид тушиб, унинг муршидлигида сайру сулук йилларини босиб ўтади. Фахриддин Али Сафий сўфийлик йўлига кириш мақсадида ўзига пир қидириб юрган Ромитанийнинг Хизр (а.с.) тавсияси билан Анжир Фағнавийга мурид тушганлиги тўғрисидаги ривоятни келтирган.
«Рашаҳот айн ал-ҳаёт»да келтирилишича, Хожа Маҳмуд вафотидан аввал Ромитанийга иршод, яъни муридлар тарбиялаш ҳуқуқини бериб, тариқат раҳбарлигини унга топширади ва ушбу тариқатнинг барча муридларини унга бўйсунишларини буюради. Шунга кўра, унинг маълум муддат Бухорода иршод билан шуғулланган. Бироқ, «Матлаб ут-толибин» муаллифининг ёзишича, Ромитаний Бовард шаҳрига бориб, маълум бир муддат у ерда муридлар тарбиялаш билан шуғулланади. Шундан сўнг ўз таълимотини тарғиб этиш мақсадида Хоразм диёрига бориб, у ерда умрининг охирига қадар яшаб қолади.
Хожа Али Ромитанийнинг Хоразмда хожагон-нақшбандия тариқатини кенг ёйиш борасидаги фаолияти муваффақиятли кечади. Ромитаний бир гўшада ўтирганича, ўзига муридлар жалб қилиш орқали хожагон таълимотини тарғиб қила бошлайди. Натижада, бу диёрда унга эргашганлар сони кўпайиб кетади. Бу ҳол аввалига Хоразм ҳукмдорларини ташвишга солади. Охир-оқибат, Хоразм ҳокими ҳам унинг муридларидан бирига айланади. Хожа Али Ромитаний Хоразмга Бовард шаҳридан борганлиги сабабли хоразмликлар орасида Хожа Али Бовардий номи билан ҳам машҳур бўлади.
«Матлаб ут-толибин»да унинг исми Хожа Шох Али тарзида ҳам учрайди. Ушбу асар муаллифининг ёзишича, Хожа Али ўзи гаплашган ҳар бир кишига «азизон» («улуғлар», «улуғларим», «улуғим») деб мурожаат қилгани сабабли унга шундай лақаб беришган. Бироқ хожагон-нақшбандия тариқатининг унгача яратилган манбалари Хожа Али Ромитанийнинг том маънода улуғ сўфийлардан бўлганлигини исботлаш мақсадида Жалолиддин Румий қаламига мансуб бўлган қуйидаги байт унга бағишлаб ёзилганлигини таъкидлашади:
Гар на илми ҳол фавқи қол будий, кай шудий
Банда а’ёни Бухоро Хожайи Нассожро?
Мазмуни: Ҳол илми қол илмидан устун бўлмаганида эди, Бухоро а’ёнлари тўқимачи Хожага қуллик қилган бўлармидилар?
Ромитаний устози Маҳмуд Анжир Фағнавийнинг хизматини ихлос билан адо этган энг садоқатли, улуғ шогирдларидан бири бўлиб етишди. Шу сабабли унинг вафотидан сўнг хожагонлик силсиласини бошқарган. «Силсилаи шариф»да ўн учинчи ҳалқа пири ҳисобланади.
Унинг тўрт халифаси – Хожа Муҳаммад Кулоҳдўз, Хожа Муҳаммад Ҳаллож Балхий, Хожа Муҳаммад Бовардий ва Хожа Муҳаммад Бобо Самосий бўлган. У ўлими олдидан Хожа Муҳаммад Бобо Самосийни ўз ўрнига қолдириб, барча мурид ва халифаларни унинг тобелигига топширади.
Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, Хожа Азизон Ромитанда бир неча йил илм тарқатгач, сўнг Бовардга (Бовард, Абивард – Ўрта асрларда бугунги Туркманистон ҳудудининг Жануби-шарқий қисмида мавжуд бўлган қадимий шаҳар) кўчади, у ерда ҳам муридлар тарбиялайди. Ниҳоят Хоразмга бориб, ўша ерда муқим яшайди. Бу ҳақда Хожа Азизоннинг ўғли Хожа Иброҳим таснифлаган китобида отасининг Бовардда яшаган кезлари хонақоҳ ва уй қургани, шу сабабли уни «Хожа Али Бовардий», хоразмликлар «Хожа Али Хоразмий», бухороликлар эса «Хожа Али Бухорий Ромитаний» деб аташганини эслатиб ўтади.
Хожа Али Ромитанийдан «Хожайи Хурд» («Кичкина Хожа») лақаби билан машҳур Хожа Муҳаммад ҳамда Хожа Иброҳим исмли икки ўғил қолиб, уларнинг ҳар иккиси диний илмларда олимлик, тасаввуфда эса орифлик ва валийлик даражаларига етган. Ромитаний вафоти олдидан кичкина ўғли Хожа Иброҳимга иршод рухсатини беради.
Манбаларда Али Ромитаний 721/1321-йили Хоразмдаги Тошҳовуз (ҳозирги Туркманистон ҳудуди)нинг Кўҳна Урганчида оламдан ўтган ва ўша ерда дафн этилган. «Маноқиби Хожа Али Ромитаний Азизон» муаллифи Муҳаммад ибн Низом Хоразмий Арзангий бу тўғрисида шундай ёзади: «Ҳозирда ул ҳазратнинг муборак қабрлари Хоразм шаҳрида бўлиб, ушбу қабр узра мақбара, унинг ёнида эса хонақоҳ бино этилган. Сўфийлар мазкур хонақоҳда кунлик вазифаларини бажариш асносида вирдлар айтиб, зикр қиладилар».
Шуни ҳам эслатиб ўтиш жоизки, бугунги кунда Бухоро аҳолиси орасида кенг тарқалган афсонага кўра, Хожи Али Ромитаний қабри кейинчалик Бухоро хони Абдуллоҳхон ИИ даврида (1534-йил) Хоразмдан Ромитанга кўчирилган.
Истиқлол йилларида Хожа Али Ромитаний мақбараси обод зиёратгоҳга айлантирилди. У ерда дарвозахона, жомеъ масжиди, мақбара, миллий услубда қурилган айвон, ҳовуз ва тошқудуқ, меҳмонхона ҳамда ошхона бунёд этилди. Ҳозирги кунда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қайта ободонлаштирилди.
Асарлари
“Маноқиби Хожа Али Азизон Ромитаний”, “Рисолаи Ҳазрати Азизон”
Манбалар
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |
| Ушбу мақолада Ўрта аср Шарқ алломалари энсиклопедияси маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |