Xonobod
Хонобод — Қашқадарё вилояти, Ғузор тумани ариқ. Номининг таркиби: хон + обод. Хон сўзли бошқа номлар: Хонтепа, Хонариқ (Қарши, Чироқчи), Хонтахти (Қамаши), Хонтушди (Ғузор), Хонқўриқ (Шаҳрихон), Хончорвоқ (Пастдарғом), Бандихон (Шўрчи), Хонимқўрғон (Яккабоғ), Хонжизза (Денов), Хониён (Қарши).
Туркий тилларда хон — хоқон сўзининг соддалашган шакли бўлиб, ўрта асрларда олий ҳокимлик унвони ва хонлик лавозимидаги шахс исмига қўшиб ишлатилган. Шу ма’нода Хонобод — хон ёки хон унвонли киши томонидан бунёд этилган ариқдир.
Эроний тилларда: "Авесто"да хан — чашма; суғд тилида хан/хон — ариқ; парфиян тилида хан, ханиг — чашма, ариқ, ҳовуз, сув чиқадиган жой; Яғноб тилида хан — сув оқар ариқ ёки суғориш канали, катта хан — катта ариқ, пулчак хан — кичик ариқ; тожик тилида хон — кичик ҳовуз, хани — чашма ёки сув оқиб чиққан жой.