Xontaxta
Хонтахта — рўзғор буюми; ерда — палос, гиламга солинган кўрпача устида ўтириб овқатланишда фойдаланилади. Хонтахта, асосан, тўртбурчак, доира шаклида (баъзан кўп қиррали) калта оёқли қилиб ишланади. Ёғочдан (баъзан устки қисми юпқа пластмасса қоплаб) ясалади. Халқ усталари (ўймакор ва наққошлар) 5, 6, 8 қиррали хонтахталар ясаб, уларни нафис ислимий нақшлар бн безатиб амалий санъат асарига айлантирган хиллари республика музейлари ва хусусий тўпламларда сақланади.
Тарихи. Хонтахтанинг турмуш тарзимизга қачон кириб келгани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Унинг овқатланиш жиҳози сифатида Ўрта Осиёда урфга кириши ислом дини билан боғланади. Унгача ерда дастурхон ёзилиб овқатланилган.
Хонтахта дастлаб фақат хонлар учун ясалган махсус таомланиш тахтаси бўлган. Унинг номи ҳам “хоннинг тахтаси”дан келиб чиққан. Биз бу жиҳозни ўрта асрларга оид миниатюраларда тасвирланган хон саройларидаги тадбирларда кўришимиз мумкин.
Юртимизнинг Қурама тоғ тизмаларида “Тоштахта” номли тош бор. Маҳаллий аҳолининг айтишича, тоғда қўй боқувчи чўпонлар ёхуд дам олгани чиққан маҳаллий аҳоли хонтахтага ўхшаш шу тош устида дастурхон ёзиб овқатланган. Шундан бу жой Тоштахта номини олган.
Ўтириш қоидаси. Хонтахтада овқатлангандаҳар ким ўзига қулай ҳолатда ўтиради. Ёши кекса, оёғи оғрувчи кишилар девор ёки чорпояга суяниб, оёқларини чўзиб, хонтахта остига тиқиб ўтиради. Оёқлар йиғилиб ўтирганда ҳам кишига ноқулайлик туғдирмайди. Эркаклар, асосан, чордона қуриб, аёллар ҳам оёқларини йиғиштириб, лекин қулай ўтириб олади.
Соғликка фойдаси. Хонтахта оёқлар ороми учун энг яхши восита. Стол-стулга ўтирганда оёқлар осилиб, ерга тегиб туради. Бунда қон пастга, оёқларга қуйилиб келиб, қайтиб чиқишда қийналади. Натижада оёқда варикоз ёхуд тиқин ҳосил бўлиши мумкин.
Стол-стулда ўтирган киши ўзини эркин қўяди, яъни қорин соҳаси, ошқозон-ичак овқатни бемалол қабул қилади. Натижада кўп овқат еб, ортиқча вазн муаммосини орттириб олиш мумкин. Хонтахта атрофида ўтирганда эса ошқозон ва қорин соҳаси муайян меъёрда сиқилади ва киши ўша меъёрга яраша таом ейди.
Хонтахта устида янги сузиб келинган қайноқ таомлар тез совийди. Натижада ошқозонга иссиқ таом орқали етказилиши мумкин бўлган касалликларнинг олди олинади.
Ёши улуғ кишиларнинг кузатувига кўра, хонтахтада ўтирилганда одам кўп сув ичмайди, столда ўтирилганда эса қанча бўлса ҳам сув “кетаверади”. Шу боис, қадимги бобо-бувиларимизда урологик муаммолар кам учраган.
Илгари бувилар хонтахтага мослаб махсус тўшак, қўй юнги солиб кўрпачалар тиккан. Бу кўрпачаларнинг қалинлиги 10–15 см бўлиб, ўтирганда танага иссиқ берувчи табиий иситгич вазифасини ўтаган. Бундай кўрпачада ўтирганларда жинсий муаммолар кузатилмаган. Бу тўшаманинг пахталик кўрпачалардан афзаллик яна бир жиҳати шуки, устида қанча ўтирилса ҳам, ётилса ҳам туриб кетилганда у яна ўз ҳолига қайтиб қолади. Яъни пахта каби зичлашиб, юпқалашиб қолмайди.
Хонтахтага оид иримлар. Халқимизда хонтахта ва дастурхонга оид айрим иримлар ва ахлоқ меъёрлари мавжуд. Бўйи етган қизлар хонтахта бурчагига ўтирса, турмуш қуриши етти йилга чўзилади, деган ирим бор. Яна айрим жойларда шу йўсинда ўтирган қизлар 30 ёшгача турмушга чиқмайди, деб ишонилади.
Хонтахтанинг устига ўтириб бўлмайди, ёмон бўлади, дейди момоларимиз. Бу ҳам маданият ва тозалик билан боғлиқ.
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |