Хоразм рақси — ўзбек халқ рақс услуби. Хоразм воҳасида қадим замонлардан шаклланган ва асрлар давомида ривожланиб келган.

Хоразм рақсида гавданинг белдан юқори қисми орқага ташланганроқ, кураклар бир-бирига яқин, тиззалар бироз эгик, оёқ учлари ёнга очилганроқ бўлади. Хотин-қизларда расмий ҳолатда бармоқ учлари пастга қаратилади, тирсаклар бироз букилади, йигитларда қўллар чўзилган, тирсаклар тўғри бўлиб, бармоқлар юқорига, кафтлари ёнга қаратилади. Хотин-қизлар билакларига занг (майда қўнғироқчалар) тақиб ўйнайдилар. Бошларидаги тақятузи, пешоналарига боғланган манглайтузи, кўкракларига осилган шокилалар, қулоқларидаги сирғалар, билакларидаги билакузуклар ҳам рақс усулларига мое тушиб, умумий рақс образини яратишга хизмат қилади. Йигитлар устига тўқ рангли камзул, бошларига чугурма кийиб ўйнайдилар. Рақс жараёнида бармоқларни қарсиллатиб, ғоз туриб ўйнаш, гавда, қўлдасталарни титратиш, елка қоқиш, чўкка сакраш, қайрокдарда усул бериш аёллар ва эркаклар рақсига бирдай хос.

Чугурма (Ичан қал’а)

Хоразм рақси ҳаракатларга бой. Бизгача етиб келган "Чағаллоқ", "Норим-норим", "Алиқамбар", "Оразибон", "Мўри", "Хўббимбой", "Ширинноввот" ўйинлари ижросида ўғлон раққослар ва масхарабозлар ўзини кўрсатган бўлса, "Ашшадароз", "Мақом уфори" каби рақсларда раққосалар устунлик қилган. "Лазги" рақс туркуми ижросида эркак ва аёл рақс усталари бирдай маҳорат билан ўйнайдилар. Энг машҳур Онажон халфа Собирова (1885-1952) халфа томошаси таркибини сақлаш, гармон чалиш ва куйлаш, раққосларни ўйнатишда, айниқса, хотин-қизлар рақсини саҳнага олиб чиқишда катта хизмат қилган. С. Оллаберганова, Р. Ҳакимова, Р. Отажоновалар Онажон халфа ансамбли иштирокчиларидир. Хоразм рақси ижро услубини, анъаналарини, янги ижтимоий шароитларда сақлаш ва ривожлантиришда Қамбар бола, Канарак бола Саидов, Қодирберган Отажонов, Карим Оллаберганов, Римажон Маткаримова, Матлатиф Саидов, Латиф Зарифов, Худойберган тўқтўқ, Гавҳар Матёқубова ва бошқаларнинг хизматлари алоҳида. Хоразм рақси услуби Хоразм вилоят театри, халқ ансамбллари, "Ўзбекрақс" бирлашмаси тасарруфидаги "Лазги" ансамбли фаолиятида давом этиб келмоқда.

Адабиёт

  • Қиличев Т., Хоразм халқ театри, Т., 1988;
  • Авдеева Л., Ўзбек миллий рақси тарихидан, Т., 2001;
  • Кари мова Р., Ўзбек рақслари, Т., 2003.