Хотирот — номли тарихий асар, муаллифи ХИХ аср тарихчиси Мирсайид Муҳиддин Фатҳободийдир.

Тарихи

ХИХ аср Бухоро амирлиги тарихий жараёнларини ёритишда „Хотирот“ асарининг алоҳида ўрни бўлиб, унинг муаллифи Мирсайид Муҳиддин Фатҳободий ҳам мазкур даврда яшаган зиёли ва мансабдор кишилар тоифасидан саналган. Муаллиф Бухоро амирлигида кечган тарихий жараёнларни ўз кўрган-кечирганлари асосида мемуар жанрида ёзиб қолдирган. „Хотирот“ ХИХ асрда форс-тожик тилида ёзилган асар ва унинг ягона қўлёзмаси ЎзР ФА Шарқшунослик институти фондида 328-рақамда сақланади[1]. Қўлёзма ҳажми 30 варақдан иборат. Қўлёзма яхши сақланган, шарқ қоғозига Бухоро насталиқ хатида қора сиёҳда кўчирилган. Хаттот исми ва асарнинг кўчирилган йили қайд этилмаган. Асар анъанага кўра бисмиллоҳ, ҳамду сано, дурудлардан сўнг қуйидагича бошланган: "Аммо ҳамду санодан сўнг, бу фақир ва ҳақир банда бошдан оёқ камчиликка буланган Мир Сайид Муҳиддин ибн Мирсайид Ҳабибуллоҳ Фатҳободий „Одамларга ақллари миқдорига кўра гапиринг“ (мазмунидаги) ҳадиси шариф юзасидан ушбу ўттиз фасл, ўнта муқаддима ва тўққизта хотимани ўз ичига олган бир китобни аслнасаб, покдомонлик ва фаросат соҳиби бўлмиш баъзи толиблар учун таълиф қилишга киришяпман". Кейинги сатрларда муаллиф илм олиш истагида юрган талабаларга ўзининг тажрибаларига суяниб, „Эй толиби содиқ, билгилки, дунё ва охират ободлиги илмдадур“, деб насиҳат қилади. Мирсайид Муҳиддин Фатҳободий ўз асарида ўзини раисзода, махдумзода деб атайди. Муаллиф отаси ҳақида маълумот бериб, отаси Қози Мулла Сирожиддин махдумнинг қозилик мансабида ишлагани, унинг Амир Музаффар салтанатининг комил, олий, ишончли кишиларидан эканлиги, мартабаси баланд бўлгани, амир билан шахсан таниш бўлишгани ҳақида ёзган. Мирсайид Муҳиддин Фатҳободий Амир Музаффарни мақтаб, яхши сифатлар билан эслайди: "Ҳазрат фирдавс макон, амну амон боиси, амирлар амири, соҳиби ихтиёр, уламо ва авом орасини ажратувчи Носируддин — Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам динининг ёрдамчиси Сайид Музаффар Баҳодир Султон, уламо ва умаро, фуқаро ва масокин ва раийя қоидасини шундай тутганки, қизил тилло каби меросий бир шоҳ эди". „Хотирот“да Амир Музаффарнинг ҳукмронлик даври тавсифланган алоҳида бўлим „Жаноби олийнинг қонун-қоидалари баёнида“ деб номланган. Мирсайид Муҳиддин Фатҳободий қаламига мансуб ягона нусхадаги „Хотирот“ асари Ўзбекистон тарихининг муҳим даврларидан бири ХИХ асрнинг иккинчи ярмида Бухоронинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётидаги жиддий ўзгаришлар, Амир Музаффар ҳукмронлик қилган даврда Бухоро амирлигида турмуш тарзи, Бухоро амирлигида кечган тарихий жараёнларни ёритишда ҳамда баъзи масалаларнинг ечимини топишда ажралиб туради[2].


Манбалар

  1. ↑ Зияева Д. Ўзбекистон тарихига оид манба ва тадқиқотлар (ХИХ—ХХ аср бошлари) монография. Тошкент: Нурафшон бусинесс, 2020 — 456-бет. 
  2. ↑ Масъул муҳаррир Ҳабибуллаев Н.Н. Ўзбекистон тарихи (хрестоматия) 3-жилд. Тошкент: Фан ва технология, 2014 — 380-бет.