Ерқалампир, хрен (Армораcиа) — карамдошлар оиласига мансуб кўп йиллик ўсимлик тури, сабзавот экини. Евросиёда 2 тури бор. Оддий Ерқалампир (А. рустиcана) — Европа, Ҳиндистон, АҚСҲ, Хитой, Ўрта Осиёда экилади (илдизида C витамини, эфир мойлари, фитонсидлар бор). Истеъмол учун йўғон этли илдизпояси (зиравор сифатида) ва барги ишлатилади. Тупи сербарг. Барги яшил, чўзиқ, тўп-тўп бўлиб ўсади. Илдизи тупроққа 80—100 см гача кириб боради, илдизпояси эса тупроқнинг 30 см гача бўлган қисмида жойлашади. Ерқалампир юқори ҳароратга чидамли, намга талабчан. Илдиз пояларидан тайёрланган қаламчалардан (узунлиги 15—20 см, йўғонлиги 1 — 1,5 см) кўпайтирилади. Кузда қаламчалар ертўла ёки иссиқхоналарда сақланади. Эрта баҳорда ёки август ойида далаларга қаторлаб ёки қўш қаторлаб экилади. 1 га майдонга 40—55 минг кўчат кетади. Кузда ўсув даври тугагач, илдизмевалари кавлаб олинади. 120—150 сентер/гектар илдизпоя ва 350—400 сентнер/гектар барг олинади. Ерқалампир илдизи ва баргида турли минерал тузлар, витаминлар ва аччиқ таъм берувчи синергии гликозиди мавжуд. Ундан ошқозон касалликларини даволашда фойдаланилади. Ерқалампир ўзига хос ўткир ҳид ва хушбўй таъм беради. Озиқ-овқат саноатида, турли маҳсулотларни (помидор, бодринг ва б.) тузлашда ишлатилади. Валковский, Атлант, Суздал навлари экилади. Ўзбекистонда шахсий томорқаларда, фермер хўжаликларида етиштирилади. Ўтлоқ Ерқалампир (А. сисймбриоидес) — ёввойи ҳолда учрайди. Илдизи истеъмол қилинади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил