Хроматида (юн. чроматос — ранг, бўёқ) — хромосоманинг тузилма элементи (қаранг Хромосома). Ҳужайра ядроси интерфазаси даврида ДНК молекуласининг икки ҳисса ортиши (репликацияси) натижасида ҳосил бўлади. Х. митознинг метафазасида айниқса яхши кўринади. Бу даврда хромосома 2 та Х.дан иборат. Улар бирламчи белбог (сентромера) орқали ўзаро бириккан бўлади. Митоз анафазасида сентромера узилиб, Х. янгидан ҳосил бўладиган қизлик ядроларга тарқалади ва мустақил (қизлик) хромосомаларга айланади. [[Меёзда гомолог хромосомалар ўзаро яқинлашиб, тўртта хроматидадан иборат тетрадани ҳосил қилади (қаранг [[Меёз). Х. ўртасидаги фарқ кроссинговер натижасида ёки ҳар хил Х.нинг қисмлари ўртасида ўзаро алмашинув туфайли пайдо бўлади. Айрим физик ва кимёвий омиллар таъсирида бундай алмашинув тезлашади. Алмашинувлар натижасида ирсий хилмахиллик (генетик гетерогенлик) ортади.