Хроматин — ўсимлик ва ҳайвон ҳужайралари ядросидаги хромосома моддаси. Асосий бўягичлар таъсирида кучли рангга киради; ҳужайралар бўлинганда хромосомаларда маълум шаклни олади. "Х." терминини 1880-йилда фанга немис гистологи В.Флемминг киритган. Ҳозирги замон ситологиясида Х. деб интерфазадаги хромосома моддаси тушунилади. Х. таркибига дезоксирибонуклеин кислота (ДНК) (30— 40%), рибонуклеин кислота (РНК), гистонлар ва гистон бўлмаган оқсиллар киради. Х.нинг асосий таркиби дезоксирибонуклеопротеид ипларидан иборат.