Хубилай

Хубилай, Қубилай (1210-1294) — Мўғуллар давлати ҳукмдори, қоон (1260—94). Тулихоннинг 4ўғли, Чингизхоининг набираси. Онаси — Сурқуктани керайт қабиласи беги Ванхон Тўғрил (Ўнхон)нинг жияни бўлган. 1251 йилда Х. мўгул зодагонларининг буюк қурултойида раислик вазифасини адо этган. Шу пайтдан эътиборан у Мунке қоон фармонига мувофиқ, мўғуллар томонидан босиб олинган Хитой ерларини бошқарган. Пекин шаҳридан тахминан 550 км шим.да Кайпин шаҳрини барпо этган, у кейинчалик Шанду деб аталган. Мунке вафотидан сўнг (1259) Х. ва унинг укаси Ариқбуқо ўртасида тахт учун кураш бошланган. 1260-йил Х. ўзини хоқон деб эълон қилган ва ўз пойтахтини Кайпинга кўчирган. Х. 1260 йилнинг кузида хос Мўғулистон ҳукмдори Ариқбуқо пойтахти Қорақурумни қўлга киритган. Х.га қарши олиб борилган ҳарбий ҳаракатларда мағлубиятга учраган Ариқбуқо 1264 й. унга таслим бўлган. 1271 йилда Х. ҳозирги Пекин яқинида янги пойтахт қурган ва унга Хонбалғасун (хоқон шаҳри) деб ном берган. Мўғуллар сулоласини эса Юан номи билан юрита бошлаган. 1266 йилда Х. илк бор Японияга элчи юборган. Айни чоғда унинг буйруғига биноан, корейс усталари томонидан мингта ёғоч кемалар қуриб тугатилган. 1270 й. 2марта Японияга элчилар жўнатилган. 1279 й. Жан. Сун давлати йўқ қилинган ва Хитой мамлакати бутунлай мўғуллар тасарруфига кирган. 1280 й. Японияга бостириб киришга ҳаракат қилинган. Лекин Япония қирғокларида юзага келган кучли довул туфайли бу юриш муваффақияциз якунланган. 1283 йилда Бирма босиб олинган. 1258, 1285 ва 1287 йилларда Х. Аннам (Ветнам) ерларига суқилиб кирган. Бу юришлар пайтида мўғул армияси жанговар филлардан жангда фойдаланишни ўрганган. 1293-йилда Индонезиянинг Ява ва бошқа оролларидаги давлатлар Юан сулоласига бўйсундирилган. 1264-йилдан умрининг охиригача Х. Ариқбуқо сиёсатини қўллабқувватлаган. Қайду нўён (Ўқтой қоон набираси) исёнига қарши кураш олиб борган. Х. замонида унинг ҳукмига асосан, қоғоз пуллар муомалага киритилган, тўплар қуйиш йўлга кўйилган, алоқа йўллари ривожланган, ёмхоналар барпо этилган. Хитойда қорамол ҳамда отлар зотларини яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Х. фармонига кура, квадрат шаклли ёзув ихтиро қилинган. Х. Тибет ламаси Пагбани давлат маслаҳатчиси этиб тайинлайди. Ҳарбий санъат бобида у Марко Поло сингари европаликлар хизматидан фойдаланган. Мўғулларнинг хитойлашувига қарши чоратадбирлар кўрган. У Хитойда кўпданкўп будда ибодатхоналари барпо этган. Манбаларнинг далолат беришича, Х.нинг 12 ўғли бўлган. Х. сулола тахтини невараси Темур хоқонга қолдирган.

Ад.:Рашид адДин, Сборник летописей, т.2, М.Л., 1960; Бичурин Н.Я., Собрание сведений о народах, обитавших в Средней Азии в древние времена, т.2, М.— Л., 1950.

Ҳамидулла Дадабоев.