ЕХҲТ Истамбул саммити

1999-йилнинг 18—19-ноябр кунлари Туркиянинг Истамбул шаҳрида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг олий даражадаги саммити бўлиб ўтди. Саммит Европада Хавфсизлик Хартиясини муҳокама қилди. Саммитда биринчи бўлиб сўзга чиққан И. А. Каримов жаҳон жамоатчилигини ташвишлантираётган диний экстремизм, халқаро терроризм, минтақавий можаролар масаласига алоҳида эътибор берди ва бу ҳақда бундай ЕХҲТ Истамбул саммити деди: "Бугунги кунда халқаро майдонда „совуқ уруш“ кўринишлари ўрнини бир-бири билан бирлашиб, тобора кенг кўламли ва ҳужумкор моҳият касб этаётган ашаддий миллатчилик ва сепаратизм, диний экстремизм ва халқаро терроризм каби иллатлар эгаллаётганини исботлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ… Бугунги кунда биз радикал кайфиятдаги марказларнинг диний экстремизм ва терроризмни тарқатишга қаратилган узоқни кўзловчи режаларига, минтақа давлатларини ўзлари танлаган демократик, ҳуқуқий ва дунёвий тараққиёт йўлидан қайтаришга уриниши ҳолларига дуч келмоқдамиз. Буни Тожикистондаги воқеалар, яқинда Тошкентда юз берган портлашлар, босқинчилар гуруҳларининг мустақил Қирғизистон жанубига сурбетларча бостириб кириши ҳамда барчага маълум бошқа фактлар исботлаб турибди". И. А. Каримов Истамбул саммитида Хавфсизлик Хартияси лойиҳаси юзасидан қуйидаги таклифларни билдирди: Биринчидан, ЕХҲТнинг минтақавий хавфсизлик, жумладан, Марказий Осиё бўйича минтақавий хавфсизлик тизимини шакллантиришда янада фаолроқ бўлиши; иккинчидан, ЕХҲТнинг халқаро зиддиятларнинг олдини олишга қаратилган халқаро орган сифатидаги вазифаларини аниқ белгилаш, шунингдек, унинг иқтисодиёт ва экология соҳаларида тутган ўрнини мустаҳкамлаш; учинчидан,ЕХҲТ тизимини ислоҳ қилиш. Ислоҳотнинг мақсади — ЕХҲТни бугунги ижтимоий-сиёсий жараёнлар оқимига мослаш-тириш, бу ташкилотни ҳаёт келтириб чиқараётган янги-янги муаммоларни ҳал этишга кўпроқ жалб этиш. Айни пайтда И. А. Каримов Истамбул саммитида халқаро терроризмга қарши кураш марказини ташкил этиш масаласини кескин қўйди. Бу марказнинг асосий вазифаси терроризм кўринишлари билангина эмас, энг аввало, халқаро терроризмни маблағ билан таъминлаётган, қўллаб-қувватлаётган, қурол-яроғларни жойларга жўнатаётган манбаларга қарши кураш бўйича қабул қилинган қарорларнинг сўзсиз бажарилиши бўйича фаолиятларни мувофиқлаштиришдан иборат бўлиши лозимлиги таъкидлаб ўтилди. Истамбул саммити дунёга Ўзбекистон сўзининг қудратини, унинг сиёсий иродасини ва жаҳон тараққиётига кучли таъсир кўрсатиши мумкинлигини намойиш этди.[1]

Манбалар

  1. ↑ Лафасов, М. Жаҳон тарихии 1918-2008. Тошкент: «ТУРОН-ИҚБОЛ», 2010 — 158,159-бет. 

Адабиётлар

М.Лафасов Жаҳон тарихи 1918-2008. Тошкент „ТУРОН-ИҚБОЛ“ 2010