Ямин Муҳаммад (1903-йил, 23-август Савахлунто, Суматра — 1962-йил, 17-октябр Жакарта) — индонез ёзувчиси ва сиёсий арбоби. Янги индонез шеърияти ва драматургияси асосчиларидан бири ҳисобланади. Индонез шеъриятига сонет шаклини олиб кирган. 1919-йилдан ёшлар ҳаракати ва бир қатор радикал партиялар фаолиятида иштирок этган. Индонезияда мустақиллик эълон қилингач (1945), парламент аъзоси, адлия ва маориф вазири. Асарларида индонез халқини миллий бирдамликка ва мамлакатни қайтадан тиклашга даъват этган ("Индонезия — менинг ватаним" шеърлар тўплами, 1929; "Кен Арок ва Кен Дедес" драмаси, 1934 ва бошқалар). Шекспир, Тагор асарларини индонез тилига таржима қилган. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг тарихий, сиёсий ва иқтисодий мавзуларда асарлар яратган.

Адабиёт

  • Сикорский В., Индонезийская литература, М., 1965.