Ер кодекси – ердан фойдаланиш муносабатларини тартибга солувчи қонунлар мажмуи. ХХ асрга қадар ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида мазкур муносабатлар шариат кўрсатмалари асосида олиб борилган. Ўзбекистонда биринчи марта Ер кодекси 1927-йилда қабул қилинган, 1929-йилда эса Ер кодекси.ўрнига Ер-сув кодекси қабул қилинган. Бу ҳужжат 1970-йил 25-сентабрда янги Ер кодекси қабул қилингунига қадар амалда бўлди. 1990-йил 20-июнда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг „Ер тўғрисида“ги янги қонуни 1991-йил 1-январдан амалга киритилди. Ўзбекистон Республикасида ер ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш, ерга доир ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштириш мақсадида 1998-йил 30-апрелда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексини тасдиқлади (1998-йил1-июлдан амалга киритилди). Ўзбекистон Республикасининг Ер кодески 91 моддани ўз ичига оладиган 14 бобдан иборат. Ер кодекси ва ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг асосий вазифалари ҳозирги ва келажак авлодларнинг манфаатларини кўзлаб, ердан илмий асосланган тарзда, оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни, тупроқ унумдорлигини тиклаш ва оширишни, табиий муҳитни асраш ва яхшилашни, хўжалик юритишнинг барча шаклларини тенг ҳуқуқлилик асосида ривожлантириш учун шароит яратишни, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида ер муносабатларини тартибга солишдан, шунингдек, бу соҳада қонунийликни мустаҳкамлашдан иборат. Ер умуммиллий бойлик бўлгани сабабли ундан оқилона фойдаланиш талаб этилади ва ер давлат томонидан муҳофаза қилинади. Шу жумладан янги ер кодекси 1998-йилда қабул қилинган. Қосимжон Раҳмонов[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил